Жамият | 11:12 / 14.08.2018
16067
9 дақиқада ўқилади

Валюта, кумуш, наркотик моддалар, тангалар... Божхоначилар яна нималарни тўхтатиб қолишди?

Деярли ҳар куни республика бўйлаб турли чегара-божхона постларида божхона чегаралари орқали товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир кўплаб божхона қоидабузарликлари фош қилинмоқда. Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати аниқланган ҳолатларнинг айримларига доир хроникани Kun.uz’га тақдим қилди.

Тошкент халқаро аэропорти. Республикадаги барча халқаро аэропортларда бўлгани каби мамлакатнинг бош ҳаво дарвозасида ҳам божхонада жорий қилинган икки йўлакли тизим қулайликларидан кимдир оқилона фойдаланаётган бўлса, яна кимдир...

“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ва “Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона пости ходимлари нақд хорижий валюталар ва заргарлик буюмларининг ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолатларини фош этишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Жумладан, Истанбулга парвози олдидан «Тошкент» халқаро аэропортининг умумий учиб кетиш залидаги «қизил» йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро П.А.нинг қўл сумкаси божхона кўригидан ўтказилганида, унда рухсат этилган меъёр – 5 минг АҚШ долларидан ортиқча бўлган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, қолаверса божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилинмаган 4625 АҚШ доллари яширилганлиги аниқланди.

Эслатма: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

2000 АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлмаган эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишда эса уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди. Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун тегишли банк рухсатномаси талаб этилади.

“Қизил” йўлак орқали ҳаракатланиб, божхона қоидабузарлигини содир этган шахслардан яна бири – фуқаро М.С.дир. “Истанбул-Тошкент” авиарейси билан учиб келган ушбу шахс қўл юки ва багажларига яширган ҳолда қиймати салкам 30 млн. сўмлик, 1,9 кг.дан ортиқ оғирликдаги кумушдан ясалган тақинчоқларни ноқонуний равишда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Эслатма: Республикамизга айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларига кўра,  қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача олиб киришга рухсати этилади.

Самарқанд халқаро аэропорти. “Внуково-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Н.М. божхона назоратидан ўтишда “яшил йўлак” орқали ҳаракатланар экан, бу билан у багаж ва қўл юкларида Ўзбекистон Республикасига олиб кириш меъёрларидан ортиқча товарлар йўқлигини маълум қилади.

Аслида-чи? Божхоначилар томонидан тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу шахс “яшил” йўлак берган имкониятларни суиистеъмол қилгани маълум бўлди.

Яъни, унга тегишли сумкада божхона назоратидан яширинча олиб ўтиш мўлжалланган, қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 5 млн. сўмлик 10 турдаги атирлар борлиги маълум бўлди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Рақамлар: Жорий йил бошидан буён “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида қиймати 14,1 млн. сўмлик 1194 дона парфюмерия воситаларининг ноқонуний олиб кирилишининг олди олинган.

Эслатма: Амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар томонидан республикамизга божхона чегараси орқали 3 донагача атир ва атирсимон суюқликларни божсиз олиб киришга рухсат этилади.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси. Бошқарманинг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан олинган маълумот асосида Тошкент вилояти ИИБ ЙХХБ вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбири давомида қуйидаги ҳолат бартараф этилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ғишткўприк ЙПХ масканида фуқаро Т. А. га тегишли бўлган қўл юклари тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, қора рангли пакетларга солинган хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 3 турдаги умумий қиймати салкам 2,7 млн. сўмлик 185 дона пиво ичимликлари борлиги аниқланди. Ушбу маҳсулотлар муқаддам ташмачилар ёрдамида майда-майда миқдорларда қайта сотиш мақсадида олиб кирилган экан.

Рақамлар: 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 23та божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати салкам 76 млн. бўлган салкам 4475 литр спирт ва алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Эслатма: Амалдаги тартибларга кўра республикамизга божхона чегара постлари орқали 2 литрдан ошмаган миқдорда алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво олиб киришга рухсат этилади.

Наманган вилояти божхона бошқармаси. “Косонсой” чегара божхона постида Қирғизистон Республикасидан юртимизга кириб келган фуқаро С.Д.нинг безовталаниши божхона ходимларида бежиз шубҳа уйғотмаган экан.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Белгиланган тартибда ва холислар иштирокида ушбу шахснинг қўл сумкаси кўздан кечирилганида, унда божхона ходимларининг оғзаки сўровида ҳам, йўловчи божхона декларациясида ҳам маълум қилинмаган, қиймати 5,5 млн. сўмлик, хорижда ишлаб чиқарилган 6 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Эслатма: 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, қўшни давлатлардан телефон аппарати, шу жумладан қўл телефонларини божхона тўловларини тўламай, 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси. “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Россия Федерациясидан пойтахтимизда истиқомат қилувчи фуқаро номига юборилган почта жўнатмасини божхона кўригидан ўтказишганида, жўнатмада декларацияда кўрсатилмаган 99 дона занглаган қадимий тангалар борлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг экспертиза хулосасига кўра мазкур тангалар маданий бойлик эканлиги маълум бўлди. Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди қарорига асосан бўйича маданий бойлик деб топилган мазкур тангалар давлат эгалигига ўтказилди.

Эслатма: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасидан маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб киришни тартибга солиш тўғрисида” 1999 йил 23 мартдаги 131-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, нумизматика ашёлари, яъни тарихий тангалар ҳам маданий бойликларга тааллуқли ашёлар тоифасига киритилган. Ушбу ҳужжатга кўра, хорижий фуқаролар ва бошқа шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган маданий бойликлар тегишли божхона ҳужжатларида кўрсатилиши керак.

 

Шунингдек, мазкур пост ходимлари пойтахтимизда истиқомат қилувчи фуқаро номига Россия Федерациясидан юборилган почта жўнатмасини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказишганда, божхона декларациясида кўрсатилмаган, ов қуроллари учун мўлжалланган салкам 10 кг. оғирликдаги 1315 дона бўш гильзалар юборилганлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси. Контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унга кўра, жорий йилнинг июн-июл ойларида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” ТИФ божхона пости “Халқаро почтамт” филиалига Буюк Британия ва Голландия давлатларидан Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Л.Д. номига гиёҳвандлик воситалари келгани аниқланди.

Божхона ходимлари калаванинг учини топиш мақсадида арқонни узун ташлашди ҳамда тегишли почта жўнатмаларини Самарқанд шаҳар почта хизматига топшириб, фуқаро Л.Д.ни тезкор кузатувга олишди. Натижада, фуқаро Л.Д. почта хизматидан ўзининг “совға”ларини қабул қилиб олаётганида божхоначилар томонидан уюштирилган кутилмаган “совға”га дуч келиб қолди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шундан сўнг фуқаро Л.Д.нинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу хонадонда умумий миқдори 84,4 грамм бўлган ҳар хил турдаги гиёҳвандлик моддалари ва гул тувакка экилган “марихуана” ўсимлиги борлиги аниқланди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек фуқаро Л.Д.нинг кирдикорларига божхоначилар томонидан ўз вақтида чек қўйилди.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари амалга ошириляпти.

Мавзуга оид