Жамият | 18:53 / 16.08.2018
7118
5 дақиқада ўқилади

Божхоначилар гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни фош этишди

Республика божхоначилари томонидан сўнгги кунларда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича Kun.uz’га Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди. 

Давлат божхона қўмитаси. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган навбатдаги кенг қамровли тезкор тадбир давомида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тошкент шаҳри ҳудудида кузатувга олинган фуқаро Ш.У. дастлаб “шартли харидорлар”га соф вазни 3,42 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддасини сотади. Қонунбузарликни илдизи билан бартараф этиш мақсадида арқонни узун ташлаган божхоначилар кўп ўтмай ушбу шахснинг яна “шартли харидорлар”га икки дона ўрамдаги 7,57 гр. “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида жиноят устида фош этишади.

Тезкор тадбир давомида холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, фуқаро Ш.У.нинг ёнидан яна икки дона ўрамдаги 2,7 гр. “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланади.

Шундан сўнг ушбу шахснинг хонадони ҳам белгиланган тартибда ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам  0,51 гр. “гашиш” наркотик моддаси сақланаётганлиги аниқланди.

Хўш, ушбу шахсни наркотик моддалар билан ким таъминлаб турган эди? Тезкор тадбир давомида бу саволга ҳам жавоб топилди. Ушбу шахс пойтахтлик М.Д. бўлиб чиқди. У истиқомат қилувчи хонадон ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда етти дона ўрамдаги 35,25 гр. “гашиш” наркотик моддаси яширинча сақланаётганлиги аниқланди.

Шу тариқа якунига етказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида жами соф вазни 49,45 гр. оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилади.

Ушбу шахсларнинг қилмишлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон вилояти божхона бошқармаси. Халқимизда нимаики эксанг, ўшани ўрасан деган нақл бор. Андижон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Т.А. айни шу нақлни ўзининг йўриғига юритаман деб янглишди. Ҳовлисидаги томорқасига мева-чева, сабзавот эмас, оғу уруғини қадади. Ва якунда бу уруғнинг “ҳосили”ни ҳам олди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Андижон вилояти божхона бошқармаси “Савай” темир йўл чегара божхона пости ҳамда Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ушбу шахснинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда 15 туп ўткир ҳидли, оч яшил рангли “наша” параваришланаётгани, 1,7 кг. марихуана эса қуритиш учун ёйиб қўйилганлиги фош бўлди. Шунингдек, ҳовли сўрисидаги гилам остида ҳам 0,48 гр. марихуана сақланаётганлиги маълум бўлди ва буларнинг барчаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “ а ” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Афсусланарлиси шундаки, хатосидан ўз вақтида тегишли хулоса чиқармаган ушбу шахс муқаддам ҳам гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка тортилиб, 3 йилга озодликдан махрум қилинган эди.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси. “Андархон” чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳам мамлакатимизга гиёҳвандлик моддасини божхона назоратидан яшириб, қонунга хилоф равишда олиб кирмоқчи бўлган шахснинг қилмишини фош этишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тожикистон Республикасидан кириб келган фуқаро У.О бошқарувидаги  “Дамас” автомашинаси белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салонининг турли жойларига 0,77 гр. ўткир ҳидли, кўкиш рангли наша гиёҳвандлик моддаси яширилганлиги фош қилинди.

Шунингдек, машинада гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилишда фойдаланиладиган ангишвона, граммларни ўлчаш учун мўлжалланган кичик электр тарози ва марихуанна уруғлари борлиги ҳам аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси. “Қорақалпоғистон” темир-йўл чегара божхона постида наркотик моддаларнинг навбатдаги контрабандаси фош қилинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Бейнеу-Нукус” йўналишидаги йўловчи поездини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказиш давомида божхоначилар вагонларни туташтирувчи таркибий қисмлардан бирининг ичига 24,4 гр. оғирликдаги марихуана хуфиёна тарзда яширилганлигини фош қилишди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов олди ҳаракатлари олиб бориляпти.

Мавзуга оид