Жаҳон | 09:21 / 18.08.2018
7429
2 дақиқада ўқилади

Покистоннинг янги бош вазири собиқ крикетчи бўлди 

Фото: Getty Images

Покистоннинг “Адолат учун ҳаракат” партияси етакчиси Имрон Хон 17 августда Покистон бош вазири лавозимига сайланди. Миллий ассамблеяга (парламент қуйи палатаси) сайловларда ғолиб бўлган партия етакчиси 272 овоз берган депутатдан 176 нафари овозини олган.   

Мамлакатда 25 июлда ўтган парламент сайловларида Хон партияси 1-ўринни эгаллаб, қуйи палатадаги 272 ўриндан 116 тасини қўлга киритганди.

Хон сайловлардан кейин Кашмир масаласига ечим топиш мақсадида Ҳиндистон билан музокаралар олиб боришга ваъда берганди. У, шунингдек, АҚШнинг минтақадаги аксилтеррорчилик чораларига танқидий қараши билан танилган бўлишига қарамай, Вашингтон билан ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишга чақирган.

Келиб чиқиши пуштун бўлган Хон 1952 йилда  Миянвали шаҳрида (Панжоб вилояти) муҳандис-қурувчи оиласида дунёга келган. 1972 йилда Оксфорд университетини якунлагач, иқтисодий бакалаври даражасини олган.

1971 йилдан 1992 йилгача профессионал спорт билан шуғулланиб, крикет бўйича Покистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган ва унга 10 йил сардорлик қилган. 1992 йилги жаҳон чемпиони ҳисобланади. 1983 йилда крикет бўйича нуфузли инглиз нашри Хонни йилнинг энг яхши крикетчиси деб атаган. 2010 йилда унинг номи Халқаро крикет кенгаши шон-шуҳрат залига киритилган.

Фото: AFP/Getty Images

Имрон Хон 1996 йилда “Адолат учун ҳаракат” (Pakistan Tehreek-e-Insaf) партиясига асос солган. 

Хон сиёсий фаолиятдан ташқари хайрия ва таълим лойииҳалари билан шуғулланади. У Лахорда саратонни ташхис қилиш ва даволаш билан шуғулланувчи, дунёдаги етакчи бепул тиббий муассасалардан бири бўлмиш онкология илмий-тадқиқот марказига, Рикхи округида эса техника фанлари соҳасида мутахассисларни тайёрловчи коллежга асос солган. 

Мавзуга оид