Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди
Ўзбекистон Адлия вазирлиги республикада интеллектуал мулк соҳаси, жумладан Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиб чиқди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Маълум қилинишича, Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш божларининг юқорилиги хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон бозорига киришига тўсқинлик қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Масалан, Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти – БИМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, Баҳрайнда бож тўловлари миқдори - 1 710, Ўзбекистонда– 1 028, Европа Иттифоқида – 897, Умонда – 484, Сирияда – 473, Исроилда – 423, Таиландда – 418, АҚШда – 388, Сингапурда – 242, Жанубий Кореяда – 233, Туркманистонда – 151, Ҳиндистонда – 148, Индонезияда – 144, Туркияда – 143, Японияда – 108 Швейцария франкини ташкил этади.
Бундан ташқари, брендрейдинг – бегона брендларнинг ишғол этилиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Дунёга машҳур қатор брендлар вакиллари Ўзбекистон бозорига киришда брендрейдинг кўринишидаги қийинчиликларга дуч келган. Негаки, уларга аввал бошдан тегишли бўлган брендлар бизнинг “уддабурон” фуқароларимиз номига рўйхатдан ўтган эди.
Амалдаги қонунчиликда товар белгисининг машҳурлигини белгиловчи аниқ ва тушунарли мезонларнинг мавжуд эмаслиги брендрейдингнинг асосий сабаби сифатида қайд этилмоқда. Натижада Ўзбекистон фуқаролари номига дунёга машҳур бўлган ва ҳуқуқий ҳимояланган товар белгилари рўйхатга олинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Апелляция кенгаши томонидан илгари муайян бренд ҳуқуқи уларга тегишли бўлган шахслар талабига кўра, қатор дунёга машҳур товар белгиларини рўйхатга олиш бўйича аввал берилган гувоҳномаларни бекор қилиш ҳоллари ҳам қайд этилган. Соҳадаги тартибсизликларни ўз вақтида аниқлаш орқали фуқаролар (ҳуқуқ эгалари)нинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишга керакли даражада эътибор қаратилмаяпти.
Қоидага кўра, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари даъво тамойили асосида ишлашмоқда: кимдир уларга мурожаат қилиб, интеллектуал мулк объектларидаги тартибсизликларни кўрсатиши зарур. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қонунчиликда виждонли ҳуқуқ эгаларининг манфаатлари бузилиш ҳолатларида, компенсация ундириш бўйича самарали механизмлар кўзда тутилмаган.
Товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси эгасининг ҳуқуқлари бузилганда, жазо сифатида, энг кам ойлик иш ҳақининг 1 дан 5 бараваригача жарима солинади, холос. Бу пул етказилган зарар ҳажмига мутлақо тўғри келмайди. Шу билан бирга, соҳадаги ҳуқуқбузарликларни тўхтатувчи самарали маъмурий ва жиноий жавобгарлик йўқ. Юқорида кўрсатилган хато ва камчиликлар Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк ҳимояси бўйича имижи ва рейтинг даражасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Қолаверса, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ўлчовчи жаҳондаги ягона кўрсатгич – Мулк ҳуқуқлари бўйича халқаро индекси (IPRI)га Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Россия, Украина сингари давлатлар кирган бир пайтда, Ўзбекистон ушбу ташкилотга умуман таништирилмаган.
Шу боис, олиб борилган таҳлил якунлари бўйича Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳамда интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тайёрланди.
Мавзунинг бугунги кундаги долзарблиги эътиборга олинган ҳолда, лойиҳалар жамоатчилик муҳокамаси учун www.regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди.
Вазирлик томонидан тайёрланган лойиҳаларда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган аниқ таклифлар келтирилган.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
20:50 / 07.08.2024
Ўзбошимча эгалланган ер қандай қонунийлаштирилади? Янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат
09:43 / 24.07.2024
Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда
18:02 / 11.07.2024