Ўзбекистон | 20:00 / 20.08.2018
64160
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов видеоселектор ўтказди

Бугун, 20 август куни Вазирлар Маҳкамасида Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш масаласига бағишланган видеоселектор мажлиси бўлиб ўтди. «Kun.uz»га маълум қилишларича, мажлисни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов олиб борган.

«Мажлисда халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этадиган, қадимий байрамимиз Қурбон ҳайитини кенг байрам сифатида нишонлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди», дейилади хабарда.

Қурбон ҳайитини жойларда кўтаринки руҳда, тартибли ва халқнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш, ҳайит намози ўқиладиган барча масжидларда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш, эрта тонгдан жамоат транспорт қатновини ташкил этиш, масжидлар атрофида автомобиллар вақтинча турар жойларни ҳозирлаш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилган.

Шу билан бирга, бош вазир томонидан ҳар бир туман, маҳалла, овул ва қишлоқлардаги ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминланган оилаларга ҳамда «Меҳрибонлик», «Мурувват», «Саховат» уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларга топшириқлар берилган.

Шунингдек, бозорларда савдо хизматини юқори савияда ташкил этиш, истироҳат боғлари, одамлар гавжум бўладиган жойларда аҳоли учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этган.

Мавзуга оид