Спорт | 21:07 / 22.08.2018
12614
3 дақиқада ўқилади

Рустам Ассакалов: «Финалда тактик хатога йўл қўйдим»

Фото: Анвар Илёсов

Индонезияда Осиё ўйинлари айни қизғин паллага кириб бормоқда.

Бугун юнон-рум кураши бўйича -87 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Рустам Ассакалов финалга қадар етиб бориб, Ўзбекистон ҳисобига яна бир кумуш медални қўшиб қўйди. Ҳал қилувчи баҳсдан сўнг Kun.uz мухбири совриндор спортчимиздан қисқа интервью олди.

«Финал баҳсидан кўнглим тўлмади. Тактик жиҳатдан хатога йўл қўйдим. Партерда бошқача усул қўллашим кўпроқ фойда берган бўларди. Эронликлар бизни астойдил ўрганиб чиқиб, усулларим ҳақида билиб олишган», - деди Ассакалов.

Рустам, шунингдек, ўз вазн тоифасини ўзгартиргани ва бугунги финал баҳсида кичик жароҳат билан ҳаракат қилганини ҳам қўшимча қилди.

«Ярим йил олдин -97 кг вазн тоифасида жанг қилардим. Ҳозир 15 кг вазн йўқотганман, чунки Олимпиадада айнан -87 кг вазн тоифасида иштирок этиш ниятидаман. Бундан ташқари, қўлимда кичик жароҳатим бор эди, бўғимимдан лат егандим. Бироз оғриқ бор», - деди курашчимиз.

«Бугунги жангдан хулосалар чиқариб, олға интилишда давом этамиз. Фаолиятимни якунлашимга ҳали 3-4 йил бор. Таймазов неча ёшгача кураш тушган? Менинг ёшимгача у икки карра олимпия чемпиони бўлишга улгурганди, мен-чи? Ҳозирча йўқ. Олимпиада медалини қўлга киритаман, деб умид қиламан. Бу – менинг орзум», - деди 34 ёшли атлет.

Мухбирнинг: «Эрон терма жамоаси бундай мувваффақиятли иштироки билан кўпчиликни ҳайрон қолдиряптими ёки улар ҳар доим мана шундай қатнашиб келганми?» деган саволига Ассакалов қуйидагича жавоб берди:

«Эронликларни кураш жиҳатдан яққол кучли деб бўлмайди. Кўпинча қулай вазиятлардан унумли фойдаланишга эришишади. Эронлик спортчилар менинг жангларимни таҳлил қилиб, қўллайдиган усулларимни ўрганиб олишган. Шу боис улардан баъзилари бугун иш бермади. Ярим йил олдин Осиё чемпионати финалида ҳам -97 кг вазн тоифасида эронлик курашчига имкониятни бой бергандим. Умуман олганда эса ҳозиргача фаолиятимда 7 марта эронлик спортчиларни мағлуб этганман».

«Янги усуллар қўллашни ўзлаштиришим керакми? Йўқ, ўз усулларимдан воз кечмасдан, режа бўйича ишлашда давом этишим керак. Бу иш беришига ишонаман», - деди Ассакалов суҳбат сўнгида.

Эслатиб ўтамиз, Ассакалов нимчорак финалда қозоғистонлик Азамат Кустубаевни 2:1, чорак финалда қирғизистонлик Самат Ширдаковни 9:0 ҳисобида мағлуб этгач, ярим финалда ҳиндистонлик Сингҳ Ҳарпретни ундан-да йирикроқ – 10:0 ҳисобида таслим этди. Эронлик Нури Ҳуссайнга қарши кечган финал баҳсида спортчимиз 1:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Мавзуга оид