Жамият | 22:23 / 23.08.2018
60404
6 дақиқада ўқилади

«Андижон қишлоқларида қачон тонг отади?» Вилоятда ёзда ҳам электр қаҳатчилиги..

Бундан бир ой олдин, июлнинг ўртасида Андижоннинг чекка қишлоғидан тадбиркор йигит қўнғироқ қилиб, «Мухбир ака.. Чекка қишлоқда тадбиркорлик қилишнинг энг азобли жойи электрнинг тинмай ўчиши. Ёрдам беринг!» дея мурожаат қилганди.

Андижондаги яна бир туманининг чеккароқ қишлоғида яшовчи яқиним ҳам шу масаладан шикоят қилганди. «Ака, август ойининг фалон куни тўй қиляпмиз. Мухбирсиз, гапингизни олишар? Ўша куни токни ўчмайдиган қилишга ёрдам беринг».

Туман электр тармоқлари бошлиғига алоқага чиқдик. Ўчирмаслигини айтишди. Биз соддалар «электрчилар ваъда»сига ишонибмиз.

Тўйдан бир кун аввал олиб келинган озиқ-овқатлар музлатгичга солингани бефойда бўлиб, барибир электр уч соат ўчди. Эртасига эса, роса меҳмонлар келган вақтда ток йўқ эди. Маърака, тўй-томошалар ўз йўлига. Кундалик турмушда фойдаланиш учун ёз ойларида электр керак-ку, ахир? 

Ҳаммага аён, электр тармоқлари бундай пайтда телефонини кўтармайди. Кўтарса ҳам жавоби аниқ: «Юқоридан, вилоятдан ўчиришди!» деб қутуладилар.

Бизга юборилган мурожаатлар билан танишинг:

«Асака туман, «Амир Темур» МФЙда 19 август, соат 19:40да электрни ўчиришди. Ҳар куни шу аҳвол. Кундуз куни ҳам ўчиришяпти».

«Андижон туман Янгиобод маҳалласида суткасига бир соатдан тўрт соатгача ўчяпти. Ёз, иссиқ... Вентиляторлар ишламайди. Болалар иссиқда сувдан чиқмай ўтиришибди».

«Андижон шаҳар, Фаробий кўчасида кунига икки-уч соатдан электр йўқ. Ҳудудимиз Олтинкўл туман электр тармоқларига қарайди».

«Избоскан туман, Дўстлик МФЙданмиз. Ҳар куни эрталабдан ток ўчади».

«Олтинкўл туман, «Чўнтак» МФЙ, «Соҳибкор» кўчасида ҳар куни электр уч-тўрт соат бўлмаяпти».

«Андижон шаҳар, «Озодлик» МФЙ, «Баҳор» тор кўчасида яшаймиз. Икки кунда бир 3-4 соатдан электр бўлмаяпти. Айниқса, жазирама иссиқда уйдагиларга қийин бўлди».

«Шаҳрихон тумани қишлоқларида кундузи 2-3 соат, кечқурун 2 соат айни овқатланиш пайтида электрсиз ўтирамиз».

Энг кўп арзнома Марҳамат ва Шаҳрихон туманларидан. Аҳоли вакиллари Пахтаобод, Олтинкўл ва Андижон туманларида ҳам аҳвол ҳаминқадар эканлигини билдиришган.

Қишда-ку тушунамиз. Ёзда нега электр йўқ?

Электр тармоқлари мутасаддиларга юзлансангиз, жавоб олиш қийин. Уларнинг баҳонаси тайёр, «Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида фалон километр ҳаво линиялари таъмирлангани, совуқ кунларга пистонча трансформатор шай тургани» ҳақида ахборот беришади.

Ёзда истеъмол пасаяди. Аҳолининг «Нега жазирама кунларда ток йўқ?!» деган саволи жуда ўринли.

«Энди ёз мавсуми ҳақида ҳам ҳужжат қабул қилиш керак чоғи... Ахир, жамият тараққиётида электр энергиясининг ўрни жуда катта. Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган инсонларнинг деярли барча ускуналари электр билан ишлайди. Қишда соҳа кишилари «Трансформаторлар истеъмол кўплиги учун қизиб кетиб, линиялар босимни кўтара олмай қолмоқда», деса тушунамиз.

Эртадан таълим муассасаларида ўқув жараёни бошланади. Бугунги таълим сифати кўнгилдагидек олиб борилиши учун дарс жараёнида техник воситалардан бевосита фойдаланиш зарур. Қишлоқ жойлардаги мактаб ўқувчилари компьютер ўрганишлари учун электр керак.  

«Ҳар бир оила - тадбиркор» лойиҳасининг амалга ошириш учун ҳам электр энергиясининг ўрни беқиёс. Электрсиз тадбиркорлик бўладими?

Мутасаддиларга юзландик..

Аҳолининг ҳақли талабларига жавоб излаб «Андижон ҳудудий электр тармоқлари» АЖ директори Аҳаджон Жўраевга мурожаат қилдик. Мутасадди электр тармоқларида фақат таъмирлаш ва режалаштирилган ишларни амалга ошириш пайтидагина узилишлар бўлаётганини айтди. «Бизда қайси линия қайси пайтда қанча вақтга ўчирилаётгани ҳақида алоҳида дастур бор. Текшириб кўришингиз мумкин», дейди А. Жўраев.

Масъул шахсни ўзимиз гувоҳи бўлган ва аҳоли томонидан юборилган мурожаатларга ишонтира олмадик.

Айни пайтда аҳоли томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлов МИБ ташкилоти томонидан олиб бориляпти. Тўлов масалалари анча ўз изига тушиб қолгани аниқ.

Тан олиб айтиш керак, водий вилоятларида ўтган қиш мавсумида аҳолини электр энергияси билан таъминлаш ҳақиқатда ижобий томонга ўзгарди. Лекин, аҳоли вакилларини ёз мавсумида ҳам электрдаги узилишлар хавотирга солмоқда.

«Етказиб берувчи» ва «Истеъмолчи» ўртасидаги шартнома бандларини бажариш ҳар икки томон учун масъулият юклайди. Тўғри, вилоят ва туман марказларига электр ёз ойларида деярли узлуксиз берилмоқда. Лекин, аҳолининг катта қисми яшайдиган қишлоқларда аҳвол ёзда ҳам чатоқ.

«Истеъмолчи» пул тўлашга мажбур, лекин «етказиб берувчи»нинг ўз мажбуриятларини бажаришга имконияти йўқ. Электр тармоқлари идорасига телефон қилиб туша олмайсиз. «Эскича ишлаш, мижознинг талабига парво қилмаслик қачонгача давом этади?», деган саволга жавоб йўқ.  

Бу туришда Андижон қишлоқларида қачон тонг отади? Қачон тадбиркорлик ривожланади? Қачон уйларга кондиционер қўйилади? Қачонгача, гўштни музлатгичга қўйиш ўрнига шиша банкага солиб, ариқдаги сувда сақлаб, қадимий усулдан фойдаланамиз?  

Ишқилиб, соҳадаги ўзгаришлар изчил ва бардавом бўлсин!

Бу мавзуга яна қайтамиз.      

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид