Жаҳон | 23:40 / 23.08.2018
7694
2 дақиқада ўқилади

Эронда давлат тўнтаришига уринишда айбланиб қамалган британиялик аёл уч кунга озод қилинди

Фото: AP

Буюк Британия ҳамда Эрон фуқароси бўлган Нозанин Загари-Рэтклифф Теҳрондаги қамоқхонадан уч кунга озодликка чиқарилди. У 2016 йилда жосуслик ва ҳукуматни ағдаришга уринишда айбланиб беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Аёл 23 август куни эрталаб озод қилинди. У ҳозирда Эронда оиласи билан бирга, аммо 26 август куни қамоқхонага қайтиши шарт. У икки йилдан буён кўрмаган тўрт ёшли қизи билан учрашди. Турмуш ўртоғи – британиялик Ричард Рэтклифф билан эса учраша олмайди — Эрон ҳукумати унга виза беришни рад этган.

Нозанин Загари-Рэтклифф 2016 йил апрелда қизини олиб қариндошларини кўргани келган. Ортга қайтаётганида Теҳрон аэропортида ҳибсга олинган ҳамда унга бир неча моддалар билан айблов эълон қилинган. У жосуслик, давлат тўнтаришига уриниш, Эронга қарши тарғибот мақсадида «Би-би-си» журналистика курсини ташкил этишда айбланган.

Нозанин Загари-Рэтклифф ҳибсга олингунига қадар Thomson Reuters Foundation хайрия жамғармасида лойиҳалар менежери бўлиб ишлаган. 2009-2010 йилларда «Би-би-си» бўлимларидан бирида ходим сифатида фаолият юритган. 

Британия ҳукумати аёлни ҳимоя қилиб чиқмоқда. 2017 йилда Буюк Британия ташқи ишлар вазири бўлган Борис Жонсон у «бор-йўғи одамларга журналистикани ўргатаётганлигини» билдирганди. Аммо Жонсоннинг бу чиқиши қимматга тушди. Эрон ҳукумати унинг сўзларини Загари-Рэтклиффнинг «тузумга қарши тарғибот» олиб борганлигининг исботи деб талқин қилди.

Мавзуга оид