АҚШ январдаёқ Яқин Шарққа каттагина куч юборганди – ўшанда кўпчилик буни намойишчиларга оятуллоҳ режимини ағдаришда ёрдам сифатида зарба бериш учун эканини тахмин қилганди. Аммо кўп ўтмай намойишлар бостирилди, Американинг зарбалари эса бўлмади. Бунинг ўрнига АҚШ ва Эрон ўртасида «ядровий келишув» бўйича музокаралар тикланди. Феврал ойи ўрталарига келиб эҳтимолий ҳужум ҳақида янги хабарлар пайдо бўла бошлади. Бу вақтда Американинг бир авиаташувчиси Эрон соҳиллари яқинида турибди, иккинчиси минтақага яқинлашмоқда.
Нима учун кўпчилик Трамп Эронга зарба беради деб ўйламоқда?
Доналд Трамп ўтган жума, 13 феврал куни «Жералд Форд» авиаташувчиси бошчилигидаги зарбдор гуруҳни Яқин Шарққа юборганини хабар қилганди. Бу гуруҳ АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари таркибидаги энг кучли тузилма ҳисобланади. Ўтган йил кузида у Кариб денгизи ҳавзасига олиб борилган ва Венесуэлага қарши амалиётда иштирок этганди.
Шу кунларида ушбу гуруҳ Ўрта Ер денгизининг Яқин Шарқ акваториясига етиб келади, кейинги ҳафтада эса Сувайш канали ҳамда Қизил денгиздан сузиб ўтиб, Ҳинд океанига киради. Бу ерда у январ ойи охиридан буён Форс кўрфазининг кириш қисмида – Эрон соҳилларидан бир неча юз километр масофада турган «Авраам Линколн» авиаташувчиси бошчилигидаги гуруҳга қўшилади.
Бундан ташқари, АҚШ сўнгги ҳафталарда Яқин Шарққа, жумладан, Қатар ва Баҳрейн ҳудудида Эронга яқин жойлашган базаларига юзлаб самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда беҳисоб миқдордаги ўқ-дориларни олиб келган.
Американинг Яқин Шарқдаги ҳарбий қудрати оширилиши Эрон ядровий дастури бўйича навбатдаги музокаралар билан бир вақтга тўғри келмоқда. 17 феврал куни Женевада бу музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди. Унда Ўмон ташқи ишлар вазири Бадра ал-Бусайди воситачилик қилди. Эрон делегациясига мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи раҳбарлик қилган, АҚШдан Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер қатнашган (улар шу вақтда Россия ва Украина музокараларида ҳам воситачилик қилган).
Музокараларнинг бориши, ҳатто уларда айнан қандай мавзулар муҳокама қилинаётгани ҳақида ҳам маълумотлар жуда кам. Шуниси маълумки, АҚШ Эрон ўз ҳудудида уранни бойитиш ишларидан бутунлай воз кечишини, мавжуд бойитилган уран захираларини тўлиғича топширишни (Россия уларни олиб кетишга тайёр), ракета дастурини ривожлантиришни чеклашини ҳамда Ямандаги «Ансар Аллоҳ» (ҳусийчилар), Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳамда фаластинликларнинг Ҳамас каби гуруҳларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилмоқда. Эрон эса ядровий дастур борасида ён беришга тайёр, аммо ракета дастури ва ўз прокси кучлари бўйича масалаларни муҳокама қилишдан ҳам бош тортмоқда.


















