Спорт | 11:04 / 23.08.2018
16786
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон телевидениеси Осиё ўйинларини намойиш қилмаётгани сабабини тушунтирди

Фото: Tengrinews

“РТРК Qazaqstan” АЖ бошқарув раиси Ерлан Карин Қозоғистон телеканаллари Индонезияда шу кунларда ўтаётган ёзги Осиё ўйинларини намойиш қилмаётганининг сабабини тушунтирди. Бу ҳақда Vesti.kz мухбири хабар берди. 

Аввалроқ Қозоғистон ОАВ вакиллари қозоғистонлик спортчиларнинг Осиё ўйинларидаги иштирокларини бирорта телеканал, жумладан ягона спорт канали Qazsport намойиш қилмаётганидан аччиқ қилишганди.

Шунингдек, ушбу ҳолатни мамлакатда таниқли яккакураш жангчиси Куат “Найман” Хамитов ҳам танқид қилиб, бу борада Ўзбекистондан ўрнак олишни айтганди

“Шу кунларда Индонезияда Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда, биз эса мусобақаларни бемалол томоша қилиб, йигитларимиз учун ишқибозлик қила олмаяпмиз! Спортчиларимиз мамлакат шаънини ҳимоя қилиш учун жонларини жабборга беришмоқда, давлатимизнинг эса буни жонли эфирда кўрсатишга қурби етмайди! Бизга КазСпорт ва бошқа каналларнинг нима кераги бор!? Агарда жаҳон миқёсидаги мана шундай мусобақаларни намойиш эта олмасангиз! Йўқ, бунинг ўрнига улар ҳеч ким кўрмайдиган 45-йилдаги футболни кўрсатишлари керак! Ўзбек биродарларимиздан ибрат олинг! Агарда буларнинг барчасини жонли эфирда кўрсата олганимизда, қанча болаларни спортга жалб қилишимиз мумкин эди, айниқса уларнинг бари ҳозир ёзги таътилда бўлса! Бизда ҳамма нарса аксинча қилинади! Қанча чидаш мумкин!», деб ёзганди Хамитов ўзининг Instagram’даги аккаунтида.

Карин ушбу танқидларга жавобан Qazsport телеканали Осиё ўйинларини намойиш қилишни режалаштиргани ва трансляция ҳуқуқларини сотиб олиш учун пуллар ажратилганини маълум қилди. Бироқ Осиё ўйинларини намойиш қилиш ҳуқуқларини сотувчи хорижий компания нархни бир неча баробарга кўтариб юборгани сабабли телеканал трансляциядан воз кечишига тўғри келган.

“Бу компания томонидан ёзги Олимпиада ёки футбол бўйича жаҳон чемпионати намойиши каби учун белгиланадиган нархлар тақдим қилинди. Унда телеканалнинг деярли бутун бюджети 2 ҳафталик Осиё ўйинларини кўрсатиш учун кетарди ва қолган муҳим спорт тадбирларини (футбол, хоккей, бокс ва бошқалар) кўрсатишга маблағ қолмасди. Биздан ташқари, Осиё ўйинларини кўрсатишдан баъзи қўшни давлатларнинг миллий телеканаллари ҳам воз кечган. Чунки намойиш ҳуқуқи нархи жуда ошириб юборилганди. Биз ушбу ҳолат юзасидан Осиё кенгашига мурожаат қилгандик, бироқ ҳуқуқлар хусусий реклама компанияси томонидан сотиб олингани сабабли бунга ҳеч ким таъсир қила олмайди. Аммо шунга қарамай биз воқеа жойига мусобақаларни ёритиш учун суратга олиш гуруҳимизни жўнатдик. Биз ушбу ҳолат юзасидан қозоғистонликлар ва мухлисларимиздан узр сўраймиз”, деб айтган Карин.

Осиё ўйинлари 2 сентябрга қадар давом этади. 

Мавзуга оид