Осиё ўйинлари. Бешинчи кунда бешта медал, Ўзбекистон тўққизинчи ўринда
Ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг бешинчи кунида 11та спорт тури бўйича иштирок этишди ва жами бешта медал қўлга киритишди.
Академик эшкак эшиш
Куннинг биринчи қисмида академик эшкак эшувчилар жамоаси медаллар дастасини қўлга киритишди. Жуфтлик баҳсларида Шаҳбоз Холмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборов ўз чиқишларида маррага биринчи бўлиб етиб боришди ва олтин медални терма жамоа ҳисобига қўшиб қўйишди.
Сўнгра Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиевдан ташкил топган бошқа бир жуфтлик медаллар учун стартга чиқишди ва иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлишди.
Тўртлик баҳсларида иштирок этган Ўзбекистон вакиллари эса (Исламбек Мамбетназаров, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов) бронза медалини спорт делегациямизга тақдим этишди.
Таэквондо WTF
Таэквондо бўйича -49кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган 17 ёшли Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Ҳонгконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда эса таиландлик Панипак Вонгпаттанакитга имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль соҳибасига айланди.
-68 кг вазн тоифасидаги Ҳожиакбар Зокиров илк жангида афғонистонлик Шариф Муродини 21:6 ҳисобида мағлубиятга учратди. Аммо у кейинги босқичда эронлик Амирмуҳаммад Баҳшикалорига 4:24 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Сузиш
Сузиш баҳсларида иштирок этган ҳар уччала спортчи (А.Козлюк. 50 м. Баттерфлай. Саралашдан финалгача, Х.Турсунов, А.Тарасенко. 100 м. Эркин сузиш. Саралашдан финалгача) ҳам ўз иштирокларини якунлашди.
Спорт гимнастикаси
Спорт гимнастикасида афсонавий спортчи, 43 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг севимли услуби ҳисобланган таяниб сакраш машқларида иштирок этди ва якунда иккинчи натижани қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.
Велоспорт
150 км масофага бўлган беллашувда Мурод Холмуродов 15, Марат Измайлов эса 39-ўринни эгаллади.
Оғир атлетика
58 кг вазн тоифаси вакили Муаттар Набиева ўз иштирокини эрта якунлади. У даст кўтаришда 98, силтаб кўтаришда эса 119, умумий ҳисобда эса 217 кг тошни ўзига бўйсундира олди ва якунда тўртинчи ўрин билан кифояланди.
Шаҳзод Худойбергановнинг иштироки муваффақиятсиз чиқди.
Теннис
Денис Истомин қозоғистонлик Александр Бубликка қарши ўйинда техник ғалабага эришди. Истомин биринчи сетни 6:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди, иккинчи сетда ҳисоб 3:0 бўлиб турганида ҳисобида ғалаба қозонаётган бир вақтда рақиб ўйинни давом эттира олмаслигини маълум қилди ва Истомин ярим финалга йўл олди.
Жўрабек Каримов хитойлик Йибин Вуга 2:6, 4:6 ҳисобида ютқазиб қўйди ва мусобақадаги иштирокини якунлади.
Гольф
Ўзбекистон вакиллари жамоавий баҳсларда 20 жамоа ичида 19-ўринни эгаллади (Мўғулистондан битта ўрин олдинда).
Яккалик баҳсларида эса Канатбек Курбаналиев 68-ўринни, Сергей Чен ва Тен Роман мос равишда 82 ва 83-ўринларни эгаллашди.
Пенчак силат
Спортнинг бу тури бўйича баҳсларда иштирок этган уч нафар спортчи (-60 кг вазнда Айюб Абдуллаев, -75 кг вазнда Нурилла Саидов ва -95 кг вазнда Ҳусан Баратов) илк жангларидаёқ имкониятни бой беришди ва мусобақадаги иштирокларини якунлашди.
Слаломда эшкак эшиш
Жанибек Темиргалиев ярим финалда муваффақиятли иштирок этди ва финалга йўл олди. Аммо у финалда кучли учликка кира олмади.
Бошқа бир слаломчи Рамил Кирпичев эса ўз иштирокини ярим финалда якунлади.
Футбол
Ўзбекистон терма жамоаси Ҳонгконгни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чорак финалга йўл олди. Голларга Икром Алибоев, Жавоҳир Сиддиқов ва Забиҳилло Ўринбоев муаллифлик қилишди. Энди ўзбекистонлик футболчилар ярим финал йўлланмаси учун Эрон ёки Жанубий Корея терма жамоаларидан бирига қарши майдонга тушади.
Умумий ҳисобда ўзбекистонлик спортчилар бугун 1та олтин, 3та кумуш ва 1та бронза медалларига эга чиқишди.
Бешинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобида 19та медаль мавжуд. Ўзбекистон делегацияси 4та олтин, 8та кумуш ва 7та бронза медаллари билан умумий рейтингда тўққизинчи ўринда жойлашган.
Мавзуга оид
20:50 / 10.06.2024
Чусовитина 53 ёшида 2028 йилги Олимпиадада қатнашиш истагини билдирди
17:46 / 23.05.2024
Оксана Чусовитина жароҳати сабаб Париж олимпиадасида қатнаша олмайди
22:15 / 09.03.2024
Гимнастикачи Чусовитина тўққизинчи Олимпиадага йўлланма олиш имкониятидан деярли маҳрум бўлди
18:46 / 05.03.2024