Фойдаланувчилар ИИВнинг кафе ва ресторанлар ишини 23:00дан кейин тақиқлаш ҳақидаги лойиҳасини танқид қилишди
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Унда савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида соат 21:00 дан 09:00 га қадар алкоголли маҳсулотларни сотишга йўл қўйилмаслиги, кўнгилочар савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш соат 23:00 дан бошлаб тўхтатилиши ҳақида сўз юритилган.
Бунда чекловлар фақат қуйидаги савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига нисбатан татбиқ этилмайди: республика ҳудудида ўрнатилган тартибда фаолият юритаётган меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари таркибида ташкил этилган; махсус туризм зоналарида (эркин туризм зоналари, кичик туризм зоналари, туризм зоналари ва туризм кластерлари) фаолият юритувчи; “Tourist friendly” тизими орқали сертификатланган.
Фойдаланувчиларнинг аксарияти изоҳларда лойиҳани ҳам, ғоянинг ўзини ҳам танқид остига олди. Таъкидланишича, умумий овқатланиш жойлари ҳозир ўз иш вақтини ўзи белгилайди, ҳужжат эса уларни бу ҳуқуқда чеклайди.
«Бу қарор чиқса ИИБга иш қолмайди-ку. Шу қарор билан бирга, ИИБни тугатишга қарор чиқариб қўяверайлик. Ҳамма нарсани чеклаш билан иш битмайди!» - деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
Бошқа бир фойдаланувчининг ёзишича, бу коррупцияга ва бир қатор фуқароларнинг ишсизлигига олиб келади. «Алкоголь сотмайдиган ошхоналарнинг (фаст-фуд, диет кафе ва бистролар) фаолиятини чеклаш нотўғри. 21:00да алкоголь сотма, деган билан сотишади, яна коррупция, текширишлар бошланади. 23:00 гача алкоголь сотувчи корхоналарнинг фаолиятини чеклаб, сотмайдиганларга рухсат бериш керак», - деб ёзади ушбу фойдаланувчи.
Яна бир фойдаланувчининг билдиришича, тунги клублар ва шунга тенглаштирилган спиртли ичимлик сотувчи корхоналарга махсус тартиб сақловчилар, яьни ИИВ тизимидан махсус тартибда психологик назоратдан ўтган шахсларни лиценциялаш орқали қўйишга рухсат бериш керак. Ёки шахсий қўриқлаш ташкилотларини очишга рухсат бериб, ИИВ тизимида рўйхатдан ўтказиб, ходимлари махсус кўрикдан ўтиши кўрсатилиб, муқаддам судланмаган, психологик жиҳатдан барқарор фуқароларни қабул қилиш лозим.
«Бир-иккита безори пичоқлашгани сабабли қолган миллионлаб аҳоли учун клубга боришни чеклаш - бу калта фикрлаш. Балки, республика ҳудудида пичоқларни тақиқлаш керакдир? Қонунчиларимиз кўзи билан қараганда бу янаям самарали йўл бўлса керак», - дейилади изоҳлардан бирида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 21:00дан кейин алкоголли маҳсулотлар сотилиши расман тақиқланиши кутилаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
12:48 / 21.10.2024
“700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 75 фоизида таомнома ўзбек тилида эмас” – Рақобат қўмитаси
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024