Жаҳон | 20:20 / 24.08.2018
11240
2 дақиқада ўқилади

Ифлос ҳаво инсонлар умрини неча йилга қисқартириши ҳисоблаб чиқилди

Фото: СС0

Олимлар ифлос ҳаво дунёнинг турли бурчакларида умр давомийлигини неча йилга қисқартиришини ҳисоблаб чиқишди. Тадқиқотга кўра, ифлос ҳаво сайёрамиздаги ўртача умр давомийлигини тахминан бир йилга, Осиё ва Африканинг энг ифлосланган давлатларида 1,5-2 йилга қисқартирар экан.

Гап ҳавонинг ўлчами 2,5 микрометрдан кичикроқ зарралар билан ифлосланиши ҳақида кетмоқда. Бундай зарралар ўпка, юрак-томир тизими касалликларига ва барвақт ўлимга олиб келиши мумкин. Ифлосланишнинг хавфсиз меъёри бир кубметр ҳавога 10 микрограмм зарра тўғри келиши ҳисобланади. Бундай меъёрни бир қатор ривожланган давлатларда кузатиш мумкин. Бироқ статистикага кўра, сайёрамизнинг шаҳарларда яшовчи 95 фоиз аҳолиси кучли ифлосланган ҳаводан нафас олади.

Техас университети олимлари 2016 йил учун 185 та давлатга тааллуқли статистикани таҳлил қилиб чиқишди. Аниқланишича, хавфсиз чегарадан ошган ифлосланиш ўртача кутилаётган умр давомийлигини 1,03 йилга қисқартирган. Маълумот учун, чекиш умр давомийлигини 1,82 йилга, сифатсиз ичимлик суви 0,57 йилга, носоғлом овқатланиш 2,67 йилга қисқартиради.

Аниқланишича, ҳавоси нисбатан тоза бўлган давлатларда (АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Австралия) ҳавонинг ифлосланиши умр давомийлигини бир неча ойга қисқартирган. 42 та давлатда эса (асосан Осиё ва Африка давлатлари) ҳавонинг майда зарралар билан ифлосланиши бир йилдан кўпроқ умрга завол бўлар экан. Бу борадаги энг оғир вазият Жанубий Осиёда эканлиги қайд қилинган. Таъкидланишича, бу минтақада ифлос ҳаво саратоннинг барча турларидан хавфлироқдир.

Мавзуга оид