Жамият | 21:30 / 24.08.2018
6361
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг инвестиция муҳитини яхшилаш ҳақидаги фармони хорижда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда

22 август куни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган брифинг ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, ШҲТ Бизнес клуби, Россия Федерациясининг Ташқи ишлар вазирлиги, Россия федерациясининг Савдо-саноат палатаси, Россия-Ўзбекистон бизнес кенгаши, Осиё инвест банки вакиллари, шунингдек россиялик тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

«Таъкидлаш жоизки, йил бошидан буён мамлакатимизда Россия иштирокидаги инвестициялар ҳажми 600 миллион доллардан ошди ҳамда 100дан ортиқ корхона очилди. Брифингда Адлия вазирлигинниг масъул вакиллари айни вақтда Ўзбекистонга сармояларни жалб қилиш учун қулай имкониятлар яратилгани, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити тобора яхшиланиб бораётгани, иқтисодиёт жадал суръатлар билан ривожланаётганини ҳамда ўз бизнесини юритмоқчи бўлганлар учун анча соддалаштирилган тартиб жорий қилинганини қайд этишди», дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Маърузачилар қатнашчиларнинг эътиборини тадбиркорлик ва инвестициялар соҳасидаги ўзгаришларга қаратишган. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 1 августдаги Фармони билан Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган давлатга ишончни ҳимоя қилиш тамойили, ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйишнинг аниқ ҳолатларини, давлат органининг қарорини фақатгина суд тартибида бекор қилиш тартибларини белгиланиши ва бошқа янгиликлар брифинг иштирокчиларига батафсил тушунтириб берилган.

Шуннгидек, брифингда мамлакатимизга тўғридан–тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилган шарт–шароитлар ҳақидаги тақдимот намойиш этилган. Маърузадан сўнг қизғин муҳокамалар олиб борилиб, Россия федерациясининг бизнес вакиллари Ўзбекистонда яратилаётган инвестициявий муҳитга қизиқиш билдириб, инвестиция соҳасидаги қонунчиликка оид саволлар билан Адлия вазирлигининг масъул ходимларига мурожаат қилишиб, ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича жавоблар олишган.

Мавзуга оид