Moody’s Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини Ba3 дан Ba2 даражасига оширди. Рейтинг бўйича кутилма эса «ижобий»дан «барқарор»га ўзгартирилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон кредит профилининг яхшиланиши барқарор ва тобора диверсификациялашиб бораётган иқтисодий ўсиш, бюджет интизомининг мустаҳкамланиши ва шартли мажбуриятларни бошқаришнинг яхшиланиши билан боғлиқ. Шунингдек, Moody’s корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, рақобатни кучайтириш ва иқтисодиётда давлат ролини босқичма-босқич қисқартириш чораларини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Сўнгги уч йилда мамлакатнинг реал ЯИМ ўртача 6,9 фоизга ўсганлиги ҳам рейтингнинг қайта кўриб чиқилишига асос бўлган. Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи шоклар фонида ўз барқарорлигини сақлаб қолган. ЯИМ ўсиши 2025 йилда 7,7 фоизга етган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида 8,7 фоизгача тезлашди. Ўсиш базаси олтин қазиб олиш ва тоғ-кон сектори билан бир қаторда хизмат кўрсатиш, қайта ишлаш саноати ҳамда қурилиш ҳисобига кенгайишда давом этади. Шунингдек, ўсишни инвестициялар ҳамда пул ўтказмалари қўллаб-қувватлаяпти.
Агентлик рейтингнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар сифатида ислоҳотларнинг барқарор давом эттирилиши, бошқарув сифати ва институтлар самарадорлигининг яхшиланиши, давлат корхоналари ва банклари билан боғлиқ фискал хатарларнинг камайтирилиши, шунингдек, хусусий сектор унумдорлиги ва инвестициялари ҳисобига иқтисодий ўсиш базасининг кенгайтирилишини санаб ўтди.
Ўз навбатида, ислоҳотлар сезиларли даражада секинлашса ёки ортга қайтса, бюджет кўрсаткичлари ёмонлашса, давлат корхоналари, давлат банклари ёки ДХШ лойиҳаларининг шартли мажбуриятлари юзага келса, шунингдек, ташқи буферлар заифлашса, рейтингнинг пасайиш босими вужудга келиши мумкин.
Ba3 ва Ba2 даражалари ўртасида қандай фарқ бор?
Moody’s рейтинг шкаласи юзага келиши мумкин бўлган молиявий хатарларга қараб икки катта гуруҳга бўлинади: инвестицион даража (хатар паст, ишончлилик юқори) ва спекулятив даража (маълум даражада риск сақланиб қолган). Умуман олганда, Ba3 ҳам Ba2 ҳам спекулятив гуруҳининг юқори қисмига киради яъни рейтинг ҳали ҳам инвестицион даражадан паст. Бу мамлакат ўз қарзларини тўлаш қобилиятига эга эканлигини, аммо глобал иқтисодий тебранишлар ёки ташқи шокларга нисбатан таъсирчанлигича қолаётганини билдиради. Ҳарфлар ёнидаги рақамлар (1, 2, 3) гуруҳ ичидаги поғоналарни билдиради, бунда 1 — энг яхши, 3 — энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Демак, Ba2 рейтинги Ba3’дан бир поғона юқори натижа. Бу давлатнинг молиявий барқарорлиги ошгани, бюджет интизоми кучайгани ва кредит қобилияти бўйича хатарлар камайганини кўрсатади.















