Иқтисодиёт | 09:15
1413
9 дақиқада ўқилади

“Қуёшли хонадон” дастури инқироздами?

Уйига қуёш панеллари ўрнатиб, истеъмолидан ортган электр энергиясини тармоққа сотаётган фуқароларга субсидия тўлаш ҳеч қанақа изоҳсиз тўхтаб қолди. Ҳукумат сукут сақлашни афзал билаётгани, парламентдан ҳам тайинли ҳаракатлар бўлмаётгани – инвесторлар ишончига путур етказяпти. Kun.uz мавзуни иқтисодчи Отабек Бакиров билан муҳокама қилди.

— Бу субсидия фуқароларга қай тартибда тўланиб келинган эди?

— Аввало, шуни айтиш керакки, бу дастур 2023 йилда оғир қишдан чиққанимиздан кейин мамлакатнинг муқобил энергия имкониятлари чеклангани сабабли йўлга қўйилган эди. Эсласангиз, ўша йилнинг феврал–март ойларида энергетика соҳаси бўйича бир нечта қарорлар қабул қилинган. “Қуёшли хонадон” дастури ҳам айнан шу қарорларнинг узвий қисми ҳисобланади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини рағбатлантириш фақат жисмоний шахслар ёки хонадонлар учун эмас, балки ижтимоий объектлар, тадбиркорлик субъектлари, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ҳам режалаштирилган эди.

Агар хотирам алдамаса, дастлабки режага кўра, 2023 йилнинг ўзида 37 мингга яқин хонадонга қуввати 50 киловаттгача бўлган қуёш панелларини ўрнатиш белгиланган эди. Бугунги кун нуқтайи назаридан бу катта рақам эмасдек туюлиши мумкин, аммо ўша пайт учун 37 минг жуда катта кўрсаткич эди. Чунки ўша вақтда қуёш панелларининг нархи анча юқори бўлган. Кейинги йилларда эса уларнинг нархи йил сайин пасайиб бормоқда. Шунингдек, ўрнатиш инфратузилмаси билан боғлиқ кўплаб муаммолар ҳам мавжуд эди.

Ўшанда одамлар дуч келган асосий муаммолардан бири – мажбурлаш билан боғлиқ эди. Ҳозир кўпчилик субсидиясини ололмаётганидан шикоят қиляпти. Аммо уч йил аввал улар бошқа муаммога – қуёш панелларини мажбурий ўрнатишга дуч келган эди.

Бу, биринчи навбатда, фермер хўжаликлари раҳбарлари, маҳалла раислари, мактаб директорлари ва боғча мудирлари каби касб эгаларига тааллуқли эди. Кўпчилик панелларни маъмурий йўл билан тарқатилган кредитлар ҳисобидан ўрнатган.

— Ўша пайтдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кўра, қуввати 50 киловаттгача бўлган қуёш панели ўрнатганларга ўз эҳтиёжидан ортиқча ишлаб чиқарилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун минг сўмдан субсидия тўланиши белгиланган эди. Бу маблағ давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши керак эди. Субсидия механизми қандай ишлаган?

— Аслида бу ерда икки ёки уч босқичли молиялаштириш бўлмаслиги учун бир марта тўлов қилиш механизми танланган. Масалан, бир киловатт-соат электр энергиясининг таннархи 600 сўм бўлса, давлат қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 1000 сўм тўлаган.

Лекин дастур бошиданоқ шошмашошарлик билан ишлаб чиқилган: тўловларни бюджет маблағларига боғлаш унчалик тўғри қарор бўлмаган. Менимча, электр энергиясини ким қабул қилиб, кейин истеъмолчиларга сотаётган бўлса, айнан ўша субъект орқали ҳисоб-китоб қилиш механизми яратилиши керак эди.

— Субсидияларнинг ўз вақтида тўланмаётгани оддий техник узилишми ёки бу ҳолат фискал ва энергетика сиёсати билан боғлиқми?

— Бу ҳақда, аввало, Энергетика вазирлиги ёки Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакилларининг фикрини эшитишни истардим. Чунки биз қанчалик тахмин билдирмайлик, бу барибир хусусий қараш бўлиб қолади.

Лекин мен тушунмаётган бир жиҳат бор. 2023 йилда бюджет билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Буни ҳамма биларди. Ҳатто ойликлар ва пенсияларни тўлашда ҳам кечикишлар кузатилган. Бироқ 2024 йилдан кейин макроиқтисодий барқарорлик таъминланди, бюджет интизоми кучайтирилди, тақчиллик чекланди. Фискал чекловлар натижасида 2025 йилга келиб бюджет анча барқарорлашди.

Шундай шароитда ҳам субсидияларнинг кечикиши мени ҳайрон қолдирмоқда. Агар бу муаммо 2023 ёки 2024 йилларда кузатилганида, мен буни тўғридан тўғри бюджетдаги қийинчиликлар билан изоҳлаган бўлардим. Чунки ўша пайтда давлат даромадларини шакллантиришда ҳақиқатан ҳам муаммолар бор эди. Ҳозир эса вазият бошқача. Иқтисодий ўсиш юқори суръатларда давом этяпти, бюджет даромадлари режа асосида бажарилмоқда.

Бу йил “Қуёшли хонадон” дастури учун 100 миллиард сўм ажратилган. Лекин ойма-ой қанча электр энергияси давлат томонидан сотиб олингани, ҳудудлар кесимида қанча субсидия тўлангани ҳақида очиқ ҳисоботларни кўрмаяпмиз. Ахборот бўлмаганидан кейин, истеъмолчи ҳам муаммонинг асл сабабини тушуна олмайди.

— 2026 йилги давлат бюджетида “Қуёшли хонадон” дастурида доирасида жисмоний шахсларга субсидия тўлаш учун 100 млрд сўм ажратилган. Ваҳоланки, йилнинг биринчи чорагидаёқ 73,9 млрд сўмлик субсидия тўлаб бўлинган. Нима деб ўйлайсиз, балки харажатлар нотўғри прогноз қилинган, режалаштиришда хатолик бўлганми?

— Бундай гумонлар ҳам йўқ эмас. Ҳа, шундай эҳтимол ҳақида ўйлашга асос бор. Лекин бунинг ўзи алоҳида саволни келтириб чиқаради: дастур бошланганида у қанчалик иқтисодий жиҳатдан асосланган эди?

Биздаги энг катта муаммолардан бири шуки, бирор қарор ёки лойиҳа илгари сурилганда, уни таклиф қилаётган идоралар кўпинча унинг ўрта ва узоқ муддатли оқибатларини етарлича ҳисобга олмайди. Масалан, эртага бу қарордан орқага қайтишга тўғри келса, нима бўлади? Ёки молиявий имкониятлар етарли бўлмай қолса-чи? Ёхуд “Қуёшли хонадон” дастури иштирокчилари сони 200 минг ёки 250 мингтага етса, давлат бюджети бу юкламани кўтара оладими?

Ана шу саволларга дастур қабул қилиниши олдидан жавоб топилиши керак эди.

— Идеал механизм қандай бўлиши керак эди?

— Менинг назаримда, электр энергиясини сотиб олиш механизми бозор тамойиллари асосида қурилиши лозим эди.

Бугун иссиқлик электр станцияларидан электр энергияси тахминан 550–600 сўм атрофида сотиб олинади. Кейин уни узатиш харажатлари, тармоқдаги йўқотишлар, чакана сотувчининг операцион ва маъмурий харажатлари қўшилади. Шунинг учун якуний истеъмолчига электр энергияси 650 сўмдан 1100 сўмгача бўлган нархларда сотилади.

Истеъмолчилар ҳам турли тоифаларга ажратилган: биринчи тоифа, иккинчи тоифа ва жисмоний шахслар. Шунинг учун ҳисоб-китоб ҳам айнан ҳудудий электр тармоқлари билан амалга оширилиши керак эди.

Чунки электр энергияси кимнинг тармоғига узатилаётган бўлса, ўша ташкилот уни кейин бошқа истеъмолчига сотади. Масалан, Али ўз ишлаб чиқарган электр энергиясини тармоққа узатади, ҳудудий электр тармоқлари эса уни Валига ёки бошқа юридик шахсга сотади.

Шу сабабли аввалбошдан таклиф қилинган субсидия механизми тўғри эмас эди. Умуман олганда, бу ерда субсидиянинг ўзи иқтисодий жиҳатдан қай даражада тўғри экани ҳам баҳсли масала.

Ҳозир мени эшитаётган, “Қуёшли хонадон” дастурига кириб, кредит олиб, панел ўрнатган одамлар мендан хафа бўлиши ҳам мумкин, лекин ҳақиқат шуки, дастлабки механизмнинг ўзи нотўғри қурилган эди. Энг ачинарлиси, ўша пайтда бу ҳақда очиқ гапирадиганлар бўлмади. Ҳеч ким “мажбурлаш нотўғри”, “мажбурий кредит бериш нотўғри” демади.

Рағбатлантириш тизими бошиданоқ бозор тамойиллари асосида қурилиши керак эди. Имтиёз билан субсидияни аралаштирмаслик лозим эди. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ҳам гилос ёки тарвуз етиштириб сотган тадбиркор каби бозор муносабатларида иштирок этиши керак эди.

Очиқ бозор бўлиши лозим эди. “Қуёшли хонадон” иштирокчилари электр энергиясини ҳудудий электр тармоқларига сотиши, тўлов эса ҳар ой якунига кўра тўғридан тўғри шу ташкилот томонидан амалга оширилиши керак эди. Бу бюджетга ортиқча юк туширмас эди.

Чунки бюджетнинг вазифаси электр энергияси сотиб олиш эмас. Бюджет, аввало, пенсионерларга пенсия тўлаш, ўқитувчиларга ойлик бериш, мактаб, шифохона ва поликлиникалар қуриш учун хизмат қилиши керак.

Биз эса кўп ҳолларда вазифаларни аралаштириб юбордик. Бу фақат ушбу субсидияга эмас, бошқа қатор субсидияларга ҳам тегишли. Уларнинг айримлари мазмунан ўзини оқламайди ва бозорда нотўғри рағбатлар яратади.

Суҳбатни тўлиқ шаклда видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид