Технология | 19:00 / 24.08.2018
7798
2 дақиқада ўқилади

Volkswagen янги можаро марказида: концерн Мексикадаги қурғоқчиликда айбланмоқда

Фото: AFP

Volkswagen концерни Мексиканинг Пуэбла штатидаги қурғоқчиликда айбланмоқда. Айнан шу штатда концерннинг йирик корхоналаридан бири жойлашган. Завод 1967 йилдан бери фаолият юритиб, йилига 450 минг дона машина ишлаб чиқаради ва ходимлари сони 15 мингга яқинни ташкил қилади. 
 
The Financial Times нашрининг ёзишича, концерн ёмғирлар мавсуми олдидан завод ҳудуди устида дўл ёғмаслиги мақсадида акустик товушлар билан булутларни тарқатувчи махсус замбараклар ўрнатган, акс ҳолда дўл ёғгудек бўлса завод автотураргоҳида турган янги машиналарга шикаст етиши мумкин бўлган. Маҳаллий фермерларнинг айтишича, айнан шу замбараклар сабабли ёмғир нафақат корхона устида, балки бутун ҳудудда ёғмай қўйган.

Фермерларнинг таъкидлашича, қурғоқчиликдан 2 минг гектардан кўпроқ қишлоқ хўжалиги ерларига зиён етган ва 70 млн песо (3,2 млн евро) миқдорда зарар етказган.

Шу сабабли фермерлар зиённинг қопланишини талаб қилиб, Volkswagen устидан судга шикоят қилишган. Компания замбаракларни олиб ташлашга ваъда берган, машиналарни ҳимоялаш учун эса бостирмалар ўрнатишини айтган. 

Фото: Getty Images

Volkswagen учраган энг йирик можаро дизел автомобиллари учун атроф-муҳитга зарарли моддалар чиқарилиши кўрсаткичини камайтириб кўрсатувчи дастурий таъминот ўрнатгани билан боғлиқ. Бу можаро сабабли концерн турли давлатларда бир неча миллиард доллар жарима тўлаган. Компания АҚШнинг ўзида 25 млрд доллар тўлашига тўғри келган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид