Жамият | 07:18 / 27.08.2018
4360
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд халқаро аэропортида яроқсиз тиббий ускуналар олиб ўтилишининг олди олинди

Самарқанд халқаро аэропортига “Домодедово-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қ.А. божхона назоратидан ўтаётганида декларацияда кўрсатилмаган 39 турдаги умумий баҳоси 10 миллион сўмга яқин тиббиёт ускуналарини яшириб ўтаётганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Аниқланган ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.

Суд фуқаро Қ.А.нинг қилмишини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини эътироф этиб, унинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олиб тегишли қарор чиқарди.

Фуқаро Қ.А. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, суд Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган тиббиётда фойдаланиладиган ускуналар тегишли тартибда йўқ қилинди.

Маълумот ўрнида: жорий йил бошидан буён “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида 10218 дона умумий қиймати 165 миллион 559 минг сўмлик тиббий амалиётда фойдаланишга яроқсиз деб топилган тиббиёт буюмлари ҳамда дори воситалари олиб кирилиши олди олинган.

Мавзуга оид