Ўзбекистон | 17:39 / 29.08.2018
46475
4 дақиқада ўқилади

ДХХ пойтахт аэропортида хорижий сайёҳ билан содир бўлган ҳодисага изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 28 август куни бир қатор интернет нашрларда «ДХХ хитойлик туристни Ўзбекистон орқали транзит учун 400 доллар тўлашга мажбур қилди» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабарига кўра, ХХР фуқароси Ге Хиапу 23 август куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг HY-765 «Боку-Тошкент» рейси билан келган. Ўз ёнида «Ютэйр» (РФ) авиакомпаниясининг 26 август куни Москвага парвоз учун чиптаси бўлган (уни 14 августда сотиб олган!).
 
Президентнинг 2018 йил 4 июлдаги «Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқаролар кириш тартибини оптималлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори 9-бандига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудуди орқали мамлакат халқаро аэропортларида транзит билан ҳаракат қилувчи, ўзида ташувчининг учинчи давлатига, бунда улар ДХХ Чегара қўшинларига йўловчилар ҳақидаги дастлабки маълумотни ўз вақтида топшириши керак, авиачипта бўлган 101та давлат (жумладан ХХР) хорижий фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш, 5 суткадан кўп бўлмаган муддатда вақтинчалик бўлиш ва чиқиш тартиби белгиланган. 

Шу тариқа, жорий йилнинг 15 июлидан чегара назоратидан ўтишда транзит йўловчилар учун мамлакатга ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз кириб чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат юқоридаги қоида талабларига риоя этган ташувчининг транзит авиачиптаси саналади.

Айни пайтда чегара назорати учун йўловчилар тўғрисидаги маълумотни фақат «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК тақдим этади. Бошқа авиакомпаниялар, жумладан, «Ютэир» ҳам чегара назоратига бундай ахборотни тақдим этмайдилар, шу сабабдан 2018 йил 4 июлдаги қарор билан ўрнатилган нормалар ҳозирча уларнинг йўловчиларига нисбатан амал қилмайди.

ХХРнинг юқорида кўрсатилган фуқаросида Ўзбекистон Республикасининг визаси ёки чегара назоратига йўловчилар ҳақида маълумот берган ташувчи авиачиптаси йўқлиги ҳисобга олиниб, унга Ўзбекистон орқали транзит қилиш тартиби ва мамлакатда визасиз қолиш ҳақида тушунтириш берилган. Шу сабабдан, Ге Хиапуни кутиб турган шахслар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг 2018 йил 26 август кунидаги «Тошкент-Москва» йўналиши учун авиачиптани харид қилишган, шунинг асосида у Тошкент шаҳрига визаси чиқиш имкониятини қўлга киритди.

Мавжуд тартибга кўра, жаноб Генинг ўзи оддий гаджетдан «Е-VIZA.UZ» сайтига кириши ҳамда Ўзбекистонга режалаштирилаётган сафаридан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда электрон виза расмийлаштиришга ариза бериши мумкин эди. Унга жавоб эса унинг электрон манзилига, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтига келган бўларди. Ушбу хизматнинг нархи атиги 20 долларни ташкил этади.

Жаноб Гени кутиб олмоқчи бўлган шахслар ҳам олдиндан, бироқ 3 суткадан кеч бўлмаган муддатда расмий таклифни расмийлаштиришлари, унинг асосида у бевосита аэропортдаги ТИВ консуллик бўлимида визани олиши мумкин эди. Ушбу хизмат нархи - $40.

Шуни таъкидлаш жоизки, муқаддам «Газета.uz» интернет нашри 2018 йил 4 июлдаги «Ўзбекистонда 15 июлдан бошлаб электрон визалар жорий қилинмоқда» сарлавҳали мақоласида юқоридаги Қарорни иловалар ва тушунтиришлар билан эълон қилган.

Шу муносабат билан хорижий авиаташувчилар, туризм соҳасида фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахслар бундай ноқулайликлардан қочиш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига риоя этиши ҳамда унинг қоидаларини давлатимиз меҳмонларига тушунтириши зарур.

Бугунги кунга қадар Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда 5 суткагача бўлиш ҳуқуқидан 450дан ортиқ чет эллик авиайўловчилар фойдаланди, улардан 325 нафари ХХР фуқаролари, уларда бу каби муаммолар юзага келмаган.

Мавзуга оид