Одам Ато замонидан то бугунги кунга қадар аёл нозик ҳилқат сифатида эркак билан бирга умргузаронлик қилиб, инсоният ҳаётининг давомийлигини таъминлаб келмоқда.

Реал ҳаётда бўлганидек жанридан қатъи назар бадиий адабиёт ёхуд кино бўлсин, уни аёл образисиз тасаввур қилиш қийин. «Минг бир кеча» эртаклари орқали аёл образи энг юқори мўъжизавий эстетик ҳилқат сифатида тасвирланди. Шарқ шеъриятида эса аёлга бўлган таърифу тавсиф «Минг бир кеча»никидан кам бўлмади. Ўрта асрларда реал ҳаётда аёлларни жодугарликда айблаб гулханда куйдириш оддий ҳолат эди, лекин Шекспир замонасидаги драматурглар аёл образини ижобий маънода янги бир чўққига олиб чиқди. Шу ўринда эслатиш жоизки, Данте қаламига мансуб «Илоҳий комедия» асарининг «Аърофа» қисми бевосита биз билган Тўмариснинг жасоратига бағишланган. Шекспир Тўмарис образини Европа аёлларига намуна қилиб кўрсатган. Француз адабиётида эса Тўмарис француз миллий қаҳрамони Жанна Д`Арк даражасида улуғланган. Аммо бугунги кунда ўзимиз ўзимизнинг ўзбек аёлини таҳқирлаб, лойга чаплаб, ботқоққа ботиряпмиз. Қандай қилиб?.. 

Албатта, янги давр Европаси романтизмида аёл образи енгил-елпи ишқий романлар мавзуси учун қурбон қилинди. Бироқ айнан XIX-XX аср Ғарб адабиёти, хусусан, рус романчилигида аёл образи мукаммал кўриниш касб этди. Бу давргача халқ достонларию, бадиий асарлардаги аёл қаҳрамонлар ўз даврининг етук зиёлиси ва гўзал аёли сифатида тасвирланган бўлса, Тургенев, Достоевский, Толстой, Чехов каби ёзувчиларнинг асарлари орқали аёл руҳиятининг ўзига хос психологик характери юксак бадиий бўёқлар билан тасвирланди. Айниқса, Толстойнинг Анна Каренинаси, Кити Шчербацкаяси, Тургеневнинг Марья Николаевнаси, Достоевскийнинг Настасья Филипповнаси жаҳон адабиётида аёл образини янги чўққига олиб чиқди.

Ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийнинг Кумуши ўзбек романчилигидаги илк аёл қаҳрамон сифатида юзага келди. Албатта, Шўро даври адабиётида аёл образи мафкуравий хусусият касб этиб, унга ўзига хос талаблар юкланди. Бу давр аёлларидан сунъий равишда замон қаҳрамонлари ясалиб, тақдим қилинди. Аммо тан олиш керакки, бу даврда ўзбек адабиёти ва санъатида тасвирланган аёл образлари ҳар қандай мажбуриятлар юкланмасин, у аёллик шаъни ва жозибасини йўқотмади. Яъни, кино, театр ва адабиётда аёл улуғланса улуғландики, лекин, бугунги кундаги ўзбек киносидагидек таҳқирланмади. Ҳатто Шўро даврида ҳам ўзбек аёли шармандали тарзда таҳқирланмаган.

«Менинг юртим» телеканалида намойиш этилаётган «Фитна» сериалидаги «фитна»лар ҳақида гапирмоқчимиз.

Юқорида бироз мулоҳаза юритганимиз боиси шуки, ушбу сериал ижодкорлари ва «Менинг юртим» телеканали масъулларига қисқача бўлсада, дунё бадиий тафаккурида аёлга бўлган муносабат, хусусан, аёл образи нечоғли улуғлигининг хронолигик эволюциясини билмаса билдиришни, билса эслатишни жоиз, деб билдик.