Ўзбекистон | 15:33 / 17.08.2024
7137
2 дақиқада ўқилади

Сериал учун рухсат олиб бериш эвазига 20 минг доллар олган шахс ушланди

Фуқаро ўзини гўёки «Ўзбекфилм»да масъул лавозимда ишловчи шахс сифатида таништириб, Тошкент вилоятидаги ЖИЭМда жазо ўтаётган маҳкума аёл ҳаётига бағишланган сериални суратга олиш учун Кинематография агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгашда ишловчи танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жойларда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

ДХХ хабарига кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқаро ўзини гўёки «Ўзбекфилм» давлат унитар корхонасида масъул лавозимда ишловчи шахс сифатида таништириб, Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган маҳкума аёл ҳаётига бағишланган кўп қисмли сериални суратга олиш учун Кинематография агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгашда ишловчи танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига қарашли Жанубий кон бошқармасининг бўлим бошлиғи ўринбосари Қўшработ туманида яшовчи 2 нафар фуқарони  ушбу кон бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мазкур шахс 2023 йилнинг сентябрь ойида “Зармитан” конига ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, Қўшработ туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқародан жами 9 минг АҚШ доллари олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда консалтинг фирма раҳбари ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали, пойтахтлик фуқарога чет тилини билиш бўйича миллий сертификат олиб бериб, уни Тошкент давлат юридик университетининг магистратура босқичига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда учала шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга оид