Венесуэла инқирози. Бразилия, Колумбия ва Перу аралашди
Бразилия президенти Мишел Темер Венесуэла билан чегарада жойлашган Рорайма штатига қўшин жўнатмоқда, сабаби Венесуэладан мигрантлар оқими жуда катталашиб кетди. Давлат раҳбари давлат телевидениеси томонидан эфирга узатилган видеомурожаатда тегишли баёнот берди.
«Бугун Бразилия фуқаролари ва Венесуэла мигрантларининг хавфсизлигини кафолатлаш учун Рорайма штатида қонун ва тартибни таъминлаш мақсадида қуролли кучлардан фойдаланиш ҳақида буйруқ бердим», - дея айтиб ўтди Темер.
Унинг сўзларига кўра, бундай қарор «Бразилия федерал ҳукумати бир неча ой давомида амалга ошираётган инсонпарварлик фаолиятига қўшимча бўлишга» қаратилган. «Биз тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпаналарга жойлаштириш бўйича кўмак кўрсатмоқдамиз», - дея аниқлик киритди президент. Шунингдек, Темернинг маълум қилишича, Рораймага келаётган мигрантлар оқими «венесуэлаликлар яшаётган даҳшатли шароитлар»нинг натижасидир. «Бу фожиали вазият деярли бутун Жанубий Америкага таъсир кўрсатади», - дея қўшимча қилди у.
Колумбия ва Перу миграция хизматлари сешанба куни Венесуэла миграция инқирози билан курашиш учун ушбу мамлакатларга келадиган венесуэлалик фуқароларнинг умумий маълумотлар базасини яратишга келишиб олди. Колумбия миграция хизмати раҳбари Кристиан Крюгер перулик ҳамкасби Эдуардо Севилья билан учрашувдан сўнг бу ҳақда маълум қилди.
«Биз ушбу миграция ҳодисасини минтақавий даражада муҳокама қилиш учун асосий тамойилларни, асосий ғояларни ишлаб чиқишни истаймиз. Асосий жиҳатлардан бири шундаки, ҳукумат барча шахслар ҳақида маълумотга эга бўлишида, бу ҳар куни ўсиб бораётган миграция жараёнини тартибга сола олади» , - деди Крюгер.
Колумбия миграция хизмати раҳбарининг қўшимча қилишича, Богота ва Лима бу борада минтақадаги бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. «Ғоя шундан иборатки, бошқа мамлакатларни ҳам ушбу ташаббусга таклиф қилиш керак», - дея қайд этиб ўтди у.
Перу миграция хизматининг раҳбари идоралар вакиллари «маълумотлар базасини яратиш учун аллақачон алоқа қилишни бошлаганини» таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Венесуэла бўйича янги қарор қабул қилмоқчи экани хабар берилганди.
Мавзуга оид
23:05 / 06.11.2024
Бразилиялик полициячи Интерпол раҳбарлигига сайланди
18:24 / 04.11.2024
Перуда футболчи ўйин вақтида чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди
17:08 / 02.11.2024
Бразилияда катталиги чумолидай келадиган қурбақа топилди
00:47 / 26.10.2024