Спорт | 18:23
873
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон боксчилари Жаҳон кубоги илк босқичида 3 та медални қўлга киритди

Бразилияда бўлиб ўтган турнирда Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жадвалида 6-ўринни эгаллади.

Фото: Видеодан кадр

World Boxing федерацияси томонидан ташкил этилган Жаҳон кубогининг биринчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жадвалида 6-ўринни эгаллади.

Мусобақа 18-27 апрель кунлари Бразилиянинг Фос-ду-Игуасу шаҳрида ўтказилди. Ўзбекистонликлар нуфузли мусобақада 4 та боксчи билан иштирок этиб, 2 та олтин ва 1 та бронза медални қўлга киритди.

-48 кг вазнда Фарзона Фозилова ва -65 кг вазнда Навбаҳор Ҳамидова шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди. -90 кг вазнда Жаҳонгир Зокиров бронза медалига эга чиқди. -51 кг вазнда Феруза Казакова медалсиз қолди.

Жаҳон кубогининг биринчи босқичида Бразилия (5 та олтин, 4 та кумуш) биринчи, Хитой (4-0-1) иккинчи, Қозоғистон (3-1-3) учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақада 50 та мамлакатдан 400 дан ортиқ боксчи иштирок этиб, рекорд кўрсаткичга эришди.

Жаҳон кубогининг иккинчи босқичи 15-21 июнь кунлари Хитойнинг Гуйянг шаҳрида ўтказилади. Якуний босқич 25 ноябрь – 2 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид