Спорт | 14:08 / 30.08.2018
14398
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Ўзбекистонлик курашчилар ярим финалда, яна 3 медал нақд

Индонезияда Осиё ўйинларининг ўзбеки миллий кураши бўйича охирги кун баҳслари давом этмоқда.

Бугун Ўзбекистон кураш терма жамоасининг яна 4 вакили ўз имкониятларини синовдан ўтказиш учун баҳсларга киришди.

Дастлаб, -78 кг вазн тоифасида Дилроза Бозорова қозоғистонлик Гулибону Аманхоновага қарши гиламга чиқиб, 0:10 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Ўзбекистоннинг у вазн тоифасидаги иккинчи вакили Кумуш Йўлдошева эса бирин-кетин рақибларини мағлубиятга учратмоқда.

У нимчорак финалда индонезиялик Маулида Сзалсани, чорак финалда қозоғистонлик Калжан Тайжановани енгди ва ярим финалга чиқди.

Энди у ярим финалда Хитой Тайпей вакили Янг Хсиенцзуга қарши гиламга чиқади.

-90 кг вазн тоифасида Индонезияга ташриф буюрган Яҳё Имомов иштирокини саралашдан бошлади. У дастлаб эронлик Қосим Аҳадиваранлуни таслим этди.

Нимчорак финалда ҳиндистонлик Дивешни енгган Имомов чорак финалда туркманистонлик Гуванч Бегалиевдан ҳам устун келди ва ярим финал йўлланмасини ҳал қилди.

Унинг финал йўлланмаси учун рақиби қозоғистонлик Ерсултан Музаппаров бўлади.

Шу вазн тоифасида Шермуҳаммад Жандриев эса нимчорак финалда туркманистонлик Санжар Абдираҳмоновга қарши мураккаб баҳс ўтказиб, якунда ғалабага эришди.

У кейинги рақиби, афғонистонлик Ширзад Азизийни осонлик билан енгиб, ярим финалга чиқди.  У энди финалга чиқиш учун иорданиялик Мисри Ҳусайн билан беллашади.

Шу тариқа, ўзбекистонлик курашчилар Осиё ўйинларида яна 3 медални нақд қилишди.

Мавзуга оид