Жаҳон | 11:07 / 31.08.2018
51059
2 дақиқада ўқилади

Юз минглаб одамларни ўлимдан сақлаб қолиш йўли топилди

Фото: Chromorange / Bilderbox / Globallookpress.com

Америкалик олимлар морфиндан кучлироқ, аммо қарамлик ва хавфли салбий асоратларни чақирмайдиган AT-121 оғриқ қолдирувчи препаратни ишлаб чиқишди. Бу ҳақда  Science Alert нашри хабар бермоқда.

Тадқиқотчиларнинг умид билдиришича, препарат оғриқ қолдирувчи дориларга қарамлик ва уларнинг дозаси ошиб кетгани туфайли юз берувчи ўлим ҳолатлари сонини камайтиришга ёрдам беради. 2012 йилда фақатгина АҚШнинг ўзида опиоид анальгетикларни қабул қилиш туфайли 16 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Янги бирикма М-опиоид рецепторлар (МОР) ва ноцицептин рецепторлари - бош мия нейронларидаги оқсил молекулаларга таъсир кўрсатади. МОР анъанавий оғриқ қолдирувчи препаратлар учун нишон бўлиб, ноцицептин рецепторлари эса қарамлик ҳамда ўрганиб қолишнинг ривожланишига дахлдордир.

Итсимон маймунлар (макакалар) иштирокидаги синовлар шуни кўрсатдики, AT-121 одатдагидан юз баробар паст концентрацияда морфинга ўхшаш оғриқ қолдирувчи таъсирни кўрсатган. Бундан ташқари, препарат ҳайвонларнинг оксикодон - ярим синтетик опиоиддан қарамлик даражасини пасайтира олади. AT-121’нинг юқори дозалари нафас тизими ва юрак-қон томир тизими фаолиятида бузилишларга олиб келмаган.

Олимларнинг умид қилишича, натижалар инсонлар иштирокида ўтказиладиган кейинги тестларда тасдиқланади.

Мавзуга оид