Жамият | 13:02 / 03.09.2018
23745
3 дақиқада ўқилади

Директорлар учун сабоқ: бир йилда тумандаги энг қолоқ мактабдан энг юқори даражагача

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 224-сонли умумий ўрта таълим мактаби 1968 йилда қурилган бўлиб, 960 та ўринга мўлжалланган. Охирги пайтларда мактаб ярим вайрон ҳолатга келиб қолган эди, мактабнинг туман ва республика миқёсидаги рейтинги ҳам энг қуйи поғоналарда эди. Ундан ташқари, мактабдаги ўқувчилар сони мактаб имкониятидан бир неча баробарга камайиб кетган эди, деб хабар қилмоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

2017 йилнинг апрел ойида мактабга янги директор тайинланди. Унинг раҳбарлигида мактабни тиклаш ва ривожлантиришга кўмаклашувчи янги лойиҳалар ишлаб чиқилди ҳамда амалга ошириш ишлари бошланди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

Ислоҳотларга ота-оналар ва ҳозирда муваффақиятли тадбиркорларга айланган мактаб битирувчилари ҳам жалб этилди. Улар мактабнинг жорий аҳволи ва муаммолари билан танишди. Кейинчалик, таълим сифатини ошириш бўйича бош устувор вазифалар белгилаб олинди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

Шунингдек, мактабда “Васийлик кенгаши” тузилиб, ҳомийлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ҳомийлик ёрдамини кўрсатган ота-оналар йил давомида “Васийлик кенгаши”да ҳам иштирок этадилар. Ҳомийлик ёрдами натижасида мактабга 9 миллиард сўм миқдорида ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. 

Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

Бундан ташқари, директор ва унинг ҳамкасблари таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқишини орттириш мақсадида турли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқдилар. Хусусан, иқтидорли ва аълочи ўқувчиларга бир йилда икки марта 100 000 сўмдан 500 000 сўмгача миқдорда “Иқтидорли ўқувчилар учун стипендиялар” берилди.

Бугунги кунга келиб, ўқувчилар сони 380 дан 1440 га кўтарилган. Шунингдек, синфлар сони 14 тадан 45 тага ошди. 37 параметрга кўра мактаб туманда сўнгги 29-ўринни эгаллаган бўлса, 2017-2018 ўқув йили охирига келиб эса, у туманда биринчи ўринга кўтарилиб олди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати
Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

 

Мавзуга оид