Ўзбекистон | 17:37
833
2 дақиқада ўқилади

Сергелида канализация иншооти атрофидаги сассиқ ҳид бартараф этилади

Президент 1 сентябргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий филтрлар ўрнатиб, муаммони ҳал қилишни буюрди. Келаси йилдан Қуйи Чирчиқ туманида янги сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади, у битгач Сергелидаги иншоотга юклама кескин камаяди. Шунингдек, Сергели туманидаги чорраҳаларга 455 та “ақлли” светофор ўрнатилиши, 10 минг ўринли автотураргоҳлар ташкил этилиши маълум қилинди.

Халқ тилида “сассиқ кўприк” деб аталадиган йўл ўтказгич / Фото: Kun.uz

Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг аҳолисини қийнаб келаётган яна бир масала – сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳиддир. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Сергелига ташрифи вақтидаги йиғилишда айтиб ўтди.

Мутасаддиларга 1 сентябргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий филтрлаш ускуналарини ўрнатиб, бу муаммони бартараф этиш топширилди.

Келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бунинг ҳисобидан Сергелидаги сув тозалаш иншоотига юклама кескин камаяди.

“Ақлли” светофорлар

Маълум қилинишича, жорий йилда Сергелининг асосий 23 километр йўлида ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилмоқда. Чорраҳаларга 455 та “ақлли” светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланади, 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.

Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобус учун 5,5 километрлик BRT йўлак қуриш режалаштирилган. Бу йўлак Шота Руставели кўчаси билан боғланади.

Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид