
Математика фани бўйича билимлар ҳаётда асқотади. Гап тригонометрик тенгламаларни ечиш ҳақида эмас.
Константин Морев
Математика ва иқтисодиёт ўқитувчиси, истеъдодли болалар педагогика ва психологияси бўйича мутахассис
Кўпинча тўққизинчи синф ўқувчилари дарсларда мендан сўрашади: “Тригонометрия бизга нима учун керак?” Ўнинчи- ўн биринчи синфларда эса қуйидагича савол туғилади: “Интеграллар бизга нима учун керак? Геометриядаги координаталар усули-чи?”
Барча қийин мавзулар ана шундай саволлар туғдиради. “Булар ҳаётда керак бўлмаса керак”, - дейди ўқувчиларим. Агар битирувчилар статистикаси таҳлил қилинса, улар ҳақ. Улардан жуда оз қисмигина юқорида айтилганлардан фойдаланиши мумкин. Мактаб дастуридаги математик билимларни бўлажак ишда қўллаш – ундан ҳам кам.
Фаннинг моҳияти ва умуман олганда, нима учун математикани яхши кўриш кераклиги борасида фикр юритамиз.
1-сабаб. Бир маънолилик
Петр I ислоҳотлари давлат ривожига қандай таъсир кўрсатди? Баҳсли мавзу. Нима учун тарихда у ёки бу воқеалар содир бўлди? Ҳуқуқий давлат ўз аҳолисини тинглай оладими? Бир маънога эга бўлмаган масала.
Ва ниҳоят:3х + 4х = 7х. Кеча, 50 йил аввал, Африкада, инқирозда, ёмон ҳавода.
2-сабаб.Тафаккурни ривожлантириш
Бола ҳисоблашни ўрганди, агар у фақат ҳисоб-китоб билан шуғулланса, эртами-кечми ривожланишдан орқада қолади. Албатта, мияда мураккаб алгоритмларни қўллаб ҳисоблаш мумкин. Бироқ фикрлаш туби эмас, фақат тезлиги ривожланади.
Кейинчалик геометрия, тригонометрия, стереометрия, логорифмлар билан танишилади. Ҳар бир кейинги келадиган мураккаброқ мавзу ўқувчининг ақлий салоҳияти ривожланишига ёрдам беради: таҳлил ва умумлаштириш кўникмалари, мавҳум тафаккур, концепциялар билан фикрлаш қобилияти.
3-сабаб. Мавҳум нарсалар ҳақида фикрлаш
Бир ўрдакбурунга иккита ўрдакбурун қўшилса, жами уч ўрдакбурун бўлишини ҳамма билади. Масалани ечаётганларнинг ҳар бири ўрдакбурунни ҳаётда кўрмаган бўлса-да, масалани еча олади. Айнан математика бизни ҳақиқатда бизда йўқ бўлган нарсани хаёлда лойиҳалаштиришга ўргатади. Биз узоқ ва қисқа келажакни режалаштириш учун ҳозирги замондаги маълумотдан фойдаланамиз.Бундай режалаштириш сифати математик қобилиятларимизга боғлиқ.










