Осиё ўйинларида илк бор жорий этилган ўзбек миллий кураши бўйича мусобақаларда 7 вазн тоифасида (-52 кг, -63 кг ва -78 кг вазн тоифаларида аёллар, -66 кг, -81 кг, -90 кг ва +90 кг вазн тоифаларида эркаклар) медаллар ўйналди ва баҳсларда жами 28 нафар курашчи совриндор бўлди.

Ўзбекистон ушбу мусобақага 14 нафар полвон билан ташриф буюрди ва жами 12 медал олди. 7 олтиндан 6таси ўзбекистонликларга тегди, яна 2 кумуш ва 4 бронза олинди. Бу орқали Ўзбекистон кураш жамоаси медал жамғариш бўйича Ўзбекистон делегацияси миқёсида биринчи ўринни эгаллади, иккинчи ўринни боксчилар банд этишди - 5 олтин, 2 кумуш.

Ушбу спорт тури турнирда илк марта жорий этилгани эътиборга олинган ҳолда, ўзбекистонликлар яққон устунликка эга бўлиши кутилганди. Лекин айтиш керакки, Ўзбекистонлик 14 спортчи финалда иштирок этиб, олтин ва кумуш медалларни бўлиб олиши кузатилмади, -81 кг вазндаги Мусо Собиров чорак финалда, -78 кг вазн тоифасидаги Дилроза Бозорова эса нимчорак финалдаёқ ютқазиб, медалсиз қолди. Шунингдек, +90 кг вазн тоифасидаги Нурбек Тўраев ярим финалда эронлик Жафар Паҳлавонийга, -52 кг вазн тоифасидаги Ойсулув Абдумажидова ярим финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарага, -63 кг вазн тоифасидаги Мухлиса Абдумаликова ярим финалда мўғулистонлик Баярбат Басанжаргалга, -81 кг вазн тоифасидаги Сарвар Шомуродов ярим финалда эронлик Илёс Али Акбарига ютқазди.

-81 кг вазн тоифасида финалда Ўзбекистон вакили бўлмади. Олтин медал эронлик Илёс Алига, кумуш медал чорак финалда ўзбекистонлик Мусо Собировни, ярим финалда бошқа бир эронлик Омид Тазтакни енгиб финалга чиққан тожикистонлик Хўжазода Беҳрузига насиб этди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистонлик 8 курашчи финалда қатнашди. Кураш бўйича мусобақаларнинг илк кунида -66 кг вазн тоифасида Маъруф Ғайбуллоев ва Руслан Бўриев олтин медал учун ўзаро гиламга чиқиб, олтин ва кумуш медалларни бўлиб олишди.