12:02 / 05.09.2018
10486

Абдулфаттоҳ ас-Сисий Шавкат Мирзиёевни Мисрга таклиф этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксаройда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.  

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, музокарада аввал эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларнинг натижалари муҳокама қилинди. Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва илмий-техникавий, туризм ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, турли даражаларда учрашувлар ўтказиш ва шериклик алоқаларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада тажриба алмашиш, идоралараро алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшма ишчи гуруҳи ташкил этишга қарор қилинди.

Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бу масалалар бўйича Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олинди.

Президентлар кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан қарашлари яқин ва ўхшаш эканлигини таъкидладилар.

Абдулфаттоҳ ас-Сисий Шавкат Мирзиёевни Мисрга ташриф билан боришга таклиф этди.

Top