Жаҳон | 07:20 / 05.09.2018
6858
2 дақиқада ўқилади

Ироқдаги тартибсизликларда 6 киши ҳалок бўлди 

Фото: AP

Ироқнинг Басра шаҳрида иккинчи кун давом этаётган тартибсизликлар давомида камида 6 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар яраланди. 

Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар орасида ҳам намойишчилар, ҳам полициячилар бор. Таъкидланишича, айни вақтда юзлаб намойишчилар вилоят маъмурияти биносини ўраб олишган. Бинонинг юқори қаватлари ёнғин ичида қолган. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўзни ёшлатувчи газ қўллаган. Аввалроқ полиция маъмурият биносига ҳужум қилаётган намойишчиларни тўхтатиш учун уларга ўқ узгани маълум қилинган.

Басрадаги намойишлар 8 июлда бошланиб, кейинроқ Ироқ жанубидаги бошқа вилоятларга тарқалган. Намойишчилар ҳукуматдан электр энергия ва сув таъминотидаги узилишларга чек қўйишни талаб қилишган. Вазият жанубий вилоятларда 50 даражалик иссиқ ҳарорат ўрнатилгани билан янада кескинлашган. Намойишчиларнинг талабини ироқлик шиаларнинг диний раҳнамоси Али ас-Систаний қўллаб-қувватлаган.

Ҳукумат намойишчилар талабларини бажариш учун махсус комиссия тузган ҳамда Басра аҳолисига ичимлик суви қувурлари тизими ва электр тармоқларни тиклаш учун 2 млрд динор (17 млн доллар) ажратишга ваъда берган. Ҳукумат, шунингдек вилоят аҳолисига 10 минг иш ўрни яратишга ваъда берган. 

Мавзуга оид