Антибиотиклар америкалик аёлнинг тилида “мўй ўсиши”га олиб келди
АҚШда тилида “мўй ўсиб кетган” аёл даволанди. Science Alert нашрининг хабар қилишича, камдан-кам учрайдиган касаллик аёлда антибиотиклар қабул қилгандан кейин пайдо бўлган.
55 ёшли аёл автоҳалокатдан кейин шифохонага тушган. Унинг оёғидаги жароҳат йиринглаб кетган. Инфекциянинг тарқалиши олдини олиш учун шифокорлар аёлга “Миноциклин” антибиотигидан бир неча инъекция киритишган. Бир ҳафта ўтгач аёлнинг тили қорайиб, сочга ўхшаш ўсимталар билан қопланган. Аёл кўнгил айниш ва бемаза таъмдан шикоят қилган.
Уни даволаётган шифокор Ясир Хамад 20 йиллик фаолияти давомида бундай ҳолатнинг биринчи марта гувоҳи бўлган. У карахт ҳолга тушган аёлни ушбу касаллик ваҳимали кўринишга эга бўлса-да, тузатса бўладиганлигига ишонтирган. Хамад аёлни бошқа антибиотикка ўтказгач, аёлнинг тили бир ойдан кейин яна аввалги пушти ҳолига қайтган.
Аёл учраган касаллик lingua villosa nigra ёки “қора тил” деб аталади ва кам учрайди. Тилдаги “мўйлар” аслида тилнинг сирти ташкил топган ипсимон сўрғичларнинг яллиғланиши ҳисобланади. Соғлом кишида уларнинг ўлчами тахминан бир миллиметрни ташкил қилади, касал одамда эса сўрғич 18 мм гача катталашиши мумкин. Уларда овқат тиқилиб қолиб, чирий бошлайди ва тил жигарранг-қора рангга киради.
Олимлар ушбу касалликни нима келтириб чиқаришини ҳанузгача билмайдилар. Статистикага кўра, бу касаллик чекувчилар ва оғзининг гигиенаси ортидан яхши кузатмайдиган ёки оғизни чайиш учун ўта кучли воситалар қўлловчиларда пайдо бўлади. Ушбу касалликни даволаш учун турли усуллар қўлланади: бемордан кўпроқ суюқлик ичиш, чекишдан воз кечиш, тилни махсус чётка билан ювиш ёки унга ретиноидлар ёхуд салицил кислота суртиш талаб қилинади. Баъзида жарроҳлик аралашуви талаб этилади.
Мавзуга оид
17:58 / 08.11.2024
Қашқадарёда 28 ёшли аёл антибиотикдан кейин вафот этди
16:05 / 26.10.2024
Германиялик олимлар антибиотиклар самарадорлиги кескин пасайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди
14:21 / 21.10.2024
Бактериялар кучли антибиотикларга чидамли бўлиб боряпти. Бу нимага олиб боради?
22:17 / 31.05.2024