Жамият | 10:50 / 09.09.2018
8943
3 дақиқада ўқилади

Нишон ва миришкорликлар қачон тоза ичимлик суви ичади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, депутат Жамшид Пирматовга Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги бир гуруҳ фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 11 августдаги №258-сонли “Қашқадарё вилоятининг Нишон туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси таъминланмаётганлиги ҳамда аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда оқова суви билан таъминлаш масалалари бугунги кунгача ўз ечимини топмаганлиги юзасидан мурожаат қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жамшид Пирматов
Фото: Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Шу муносабат билан, жорий йилнинг август ойида Қашқадарё вилоятининг Нишон ва Миришкор туманларида депутат Ж.Пирматов томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида фуқаролар мурожаатида таъкидланганидек, туманда аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда оқова суви билан таъминлаш ишлари талабга жавоб бермаслиги аниқланди.

Мазкур туманлар аҳолиси ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб келтириши боис сув нархи ёз кунларида кескин ошиб кетмоқда. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқариши билан бирга аҳоли истеъмолга мутлоқ яроқсиз сувни ичишга мажбур бўлиш оқибатида юқумли (гепатит, бруцеллез) касалликлар тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг депутат Ж.Пирматовга берган маълумотларига қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3507-сонли қарорига асосан Молия вазирлиги ҳузуридаги “Тоза ичимлик суви” жамғармаси ҳисобидан 2018 йилда Қашқадарё вилояти учун 26,7 млрд.сўм, шундан Нишон ва Миришкор туманлари учун 10,9 млрд.сўм маблағ молиялаштирилиши режалаштирилган. Лекин мазкур маблағларнинг аксарият (деярли 90 фоизи) қисми “Обод қишлоқ” дастури доирасида бўлиб, фақатгина намунавий уйларни тоза ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилмоқда, холос. 

Юқоридаги масалалардан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматовга жорий йилнинг 30 август куни Қашқадарё вилоятининг Нишон ҳамда Миришкор туман аҳолисини тоза ичимлик ҳамда оқова суви билан таъминлаш юзасидан (“Обод қишлоқ” ҳамда намунавий уйларни тоза ичимлик сув билан таъминлаш дастуридан ташқари) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 11 августдаги №258-сонли “Қашқадарё вилоятининг Нишон туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини ўз вақтида бажарилмаслик сабаблари бўйича ҳамда мазкур муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чоралар ҳақида 15/1-55-сонли Депутатлик сўрови юборилди.

“Ушбу сўровга атрофлича жавобни кутиб қоламиз ва уни партия расмий сайтида эълон қилинишини маълум қиламиз”, дейилади маълумотда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид