Жаҳон | 21:53 / 09.09.2018
4712
2 дақиқада ўқилади

Женевадаги маслаҳатлашув бекор қилинганидан кейин Яманда 84 киши ҳалок бўлди

Женевада режалаштирилган маслаҳатлашувлар бекор қилинганидан кейин Ходейда порт шаҳри яқинида Яман ҳукумат кучлари ҳамда исёнкор хусийлар ("Ансор Аллоҳ" тарафдорлари) ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар натижасида камида 84 киши ҳалок бўлди. AFP шифокорларнинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 11 нафари - ҳукумат ҳарбий кучлари вакиллари бўлса, 73 нафари - хусийлар. 

Яман бўйича зиддиятнинг икки томони тарафдорлари иштирокидаги маслаҳатлашувлар 6 сентябрь куни бошланиши керак эди. Бироқ унга фақат Яман ҳукумати делегациясигина ташриф буюрди, "Ансар Аллоҳ" ҳаракати вакиллари эса Женева томон йўлда нафақат тўхтатилмаслиги, балки маслаҳатлашувлардан кейин ортга хавфсиз қайтишига кафолат талаб қилиб, Санони тарк этишдан бош тортишди. 

Яман ташқи ишлар вазири Холид Ал-Яманий шанба куни Швейцариядаги маслаҳатлашувларнинг бекор қилингани учун жавобгарликни "Ансар Аллоҳ" ҳаракати зиммасига юклади. Женевадаги матбуот анжуманида у хусийларнинг хатти-ҳаракатларини шантаж сифатида баҳолади. 

2014 йилнинг августидан Яманда ҳукумат кучлари ва "Ансор Аллоҳ" тарафдорлари ўртасида ҳарбий низолар давом этмоқда. 2015 йилнинг мартида Саудия Арабистони томонидан бошқарилувчи коалиция ишғолидан сўнг у янада фаол фазага ўтди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид