Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқидан 27 туҳфа сифатида «Ёшлар кутубхонаси» доирасида бадиий китоблар чоп этилди.

«Ёшлар кутубхонаси» лойиҳаси 2017 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан ишга туширилганди. Лойиҳа ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, таълим муассасаларининг бадиий китобларга бўлган эҳтиёжини қондиришда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилганди.

Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан лойиҳа учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа доирасида ҳар бир китоб камида 10 минг нусхада чоп этилиб, республикадаги барча мактаб, коллеж, академик лицей ва олий таълим муассасалари кутубхоналарига бепул тарқатилади. 2018 йил охирига қадар ҳар бир таълим муассаса кутубхонасига 100 номдаги бадиий китоблар етказиб берилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида 2018-2019 йилларда чоп этиладиган 200 номдаги китоблар рўйхати Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тавсияси асосида шакллантирилган.

2018-2019 йилларга мўлжалланган нашр режаси 200 номдаги бадиий китоб бўлиб,  жумладан, жаҳон адабиётига оид 65 дона, ўзбек адабиётида доир 135 дона нодир асарлар чоп этилиши режалаштирилган. Бу китобларнинг 45 фоизи 20 ёшдан катталар учун, 25 фоизи 7-14 ёшдаги болалар учун ҳамда 30 фоизи 15-20 ёшдаги ўсмирлар учун чоп этилади. Қолаверса, бадиий асарларнинг 50 фоизи замонавий адабиёт, 15 фоизи классик адабиёт, ХХ аср адабиёти эса 35 фоизни ташкил этади.

Қуйида таълим муассасалари учун махсус чоп этилган китоблар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

Алишер Навоий, «МАҲБУБ УЛ-ҚУЛУБ»

Алишер Навоийнинг «МАҲБУБ УЛ-ҚУЛУБ» («Қалблар севгилиси») асари 1501 йилда умри давомидаги бутун ҳаётий кузатишлари асосида ёзилган. Асар ўзаро боғлиқ 3 қисмдан иборат. 1-қисм 40 фаслни (боб) ўз ичига олади. Бунда Алишер Навоий ўз даврининг типик вакиллари ҳаётини тасвирлаган. 10 бобдан ташкил топган 2-қисмда яхши ва ёмон, мақтовга сазовор ва нафратга лойиқ хислатлар тафсилоти берилган. 3-қисмга масал ва ҳикматлар киритилган. Ҳар бир жумла ўзаро қофиядош. Шу боисдан ҳар бир ижтимоий табақа аниқ тасвирланган. Асарнинг сажъда ёзилиши унга алоҳида бадиий нафосат бағишлаган. Асарга байтлар, рубоийлар киритилиб, улар улуғ шоир ва мутафаккирнинг ҳаёт ҳақидаги хулосаларини мужассамлаштирган. Ушбу китоб орқали халқимиз орасида аллақачон нақлга айланиб улгурган Навоийнинг ҳикматли сўзларидан ҳам баҳраманд бўласиз.