Жамият | 22:09 / 21.04.2021
10777
3 дақиқада ўқилади

Китобдаги 5-меҳрибонлик уйида тарбияланувчилардан кўра хизматчилар сони кўп бўлган

Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган 5-меҳрибонлик уйида тарбияланувчилардан кўра хизматчилар сони кўп бўлган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Kun.uz’да эълон қилинган «Болалар жуда ёмон шароитда яшамоқда» — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юсунова Китобдаги меҳрибонлик уйи ҳақида» сарлавҳаси остида чоп этилган мақоладаги ҳолатлар Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, халқ таълими, молия, ИИБ, СЭО ва ЖСХ, бандлик бош бошқармалари масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.

Дастлабки ўрганишларга кўра, халқ таълими вазирининг 2020 йил 14 февралдаги 01-06/2-131-сонли хатида меҳрибонлик уйларида ота-онаси бор кам таъминланган оила фарзандларини жойлаштириш ортиб кетгани сабабли ижтимоий аҳволи яхшиланган оила фарзандларини қайтариш орқали Китоб туманидаги 5-сонли меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатиб, тарбияланувчиларни Қамаши туманидаги 4-сонли меҳрибонлик уйига ўтказиш таклифи билдирилган. Шунингдек, унда 4-сонли меҳрибонлик уйини Қамаши Болалар шаҳарчасига айлантириш ҳам кўзда тутилган.

Меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатиш билан боғлиқ бошланган ишлар, 2020 йил 24 мартдан мамлакат ҳудудида коронавирус инфекциясига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилгани муносабати билан охирига етказилмаган.

Меҳрибонлик уйида 65 нафар тарбияланувчи бўлган ҳолда, 75 нафар ходим фаолият кўрсатиб келган. Шундан 10 нафар тарбиячи вазифасига номутахассис бўлган ҳолда фаолият олиб борган. Тарбияланувчиларнинг 15 нафари етим бола (отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган) экани, қолган 50 нафарининг ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт экани аниқланган.

Шунингдек, меҳрибонлик уйига қарашли бинолар таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, турли жиҳозлар ва буюмлар эскиргани, озиқ-овқат омборхонаси санитария талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.

Ўрганиш давомида бола тарбиясидан кўра ўз моддий манфаатини устун қўяётган айрим хизматчилар ва ота-оналар томонидан эътироз билдириш ҳолатлари ҳам кузатилган. Таъкидланишича, ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Маълумот учун, Алия Юсунованинг Китобдаги 5-меҳрибонлик уйидаги аянчли аҳвол ҳақидаги фикрлари Kun.uz’да эълон қилинганидан сўнг мазкур муассаса директори ва омбор мудири ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани учун ишдан бўшатилган.

Мавзуга оид