Купер Эронга қарши ўйин олдидан Ўзбекистоннинг ФИФА рейтингидаги ўрнини эслатиб ўтди
11 сентябрь куни Тошкентда Эрон миллий терма жамоасига қарши бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашуви олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер иштирок этди, унга терма жамоа аъзоси Отабек Шукуров ҳамроҳлик қилди.
«Эртага мен иккинчи расмий ўйинда жамоани майдонга олиб тушаман. Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардимки, бу ўйин ҳам биз учун синов бўлади. Эртага янги футболчилар ҳам майдонга тушишади. Эрон терма жамоаси жуда ҳам жиддий жамоа. Карлуш Кейруш Эронни яхши шакллантирган.
Мен эртага футболчилардан жамоавий ўйинни талаб қиламан ва кўрсатмаларимга қанчалик амал қилишларига эътиборимни қаратаман. Эртанги ўйинда биз мухлисларни хурсанд қилишга уринамиз.
Бир нарсага аниқлик киритишни истайман. Биз биринчи ўйинда ҳимояни синаб кўрган бўлсак ҳам кейинги ўйинда фақат ҳужумни синаймиз дегани эмас. Мен мураббий сифатида мудофаа чизиғидаги хатоларни минимал даражага туширишни истайман. Ҳимоя сифатли бўлса, ҳужум ҳам шунга монанд бўлади.
Айни вақтда ФИФА рейтингида Ўзбекистон 95-ўринда, Эрон эса 35-ўринда турибди. Буни ҳам ҳисобга олишингизни сўрайман.
Легионерларимиз жамоага яқиндагина келиб қўшилишди ва уларни ҳам мен ҳали тўлиқ ўрганишим учун вақт керак. Эрон билан ўйинда Сурия билан бўлган ўйинга нисбатан ўсиш бўлишига умид қиламан. Жамоада 2-3 нафардан бир хил исмли футболчилар бор. Бошида озгина қийинчилик бўлсада, ҳозир позициялари бўйича ажрата оламан. Мен Ўзбекистонга келишдан олдин уларни фамилия бўйича ёдлаган эдим. Исмоилов ёки Кримец деб. Лекин бу ерда исм билан чақирилар экан. Масалан, Анзур ёки Егор.
Жамоа сардори бўлиш учун барчада имконият бор. Кимгадир сен сардор бўласан десам унда хоҳиш бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, бу жараён табиий кечиши лозим.
Мухлислардан яна бироз сабр сўрайман. Вақт ўтгач, ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Ҳар бир мухлис терма жамоамиз жаҳон чемпионатида иштирок этишини хоҳлайди. Деспасито қўшиғида айтилганидек, ҳаммаси секин-секин амалга ошади», дея Купернинг сўзларини келтирган ЎФА матбуот хизмати.
11 сентябрь куни ФИФА кунлари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон термасига қарши майдонга тушади.
Баҳсга Тошкентдаги «Миллий» стадиони мезбонлик қилади. Учрашув эса маҳаллий вақт билан 20:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси аргентиналик мутахассиснинг дебют ўйинида Сурияга қарши майдонга тушиб, 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этганди.
Мавзуга оид
18:15 / 24.10.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон сўнгги 8 йилдаги энг яхши натижасини қайд этди
23:10 / 11.10.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон футзал миллий жамоаси ЖЧ-2024дан кейин 10 поғона пастлади
14:45 / 04.04.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси икки поғона юқорилаб, сўнгги 7 йилдаги энг яхши натижасига эришди
17:22 / 30.11.2023