Жаҳон | 00:51 / 10.09.2018
26413
2 дақиқада ўқилади

Путин билан сайловларда тушунмовчилик юз берди

Россия президенти Владимир Путин Москва мэри сайловларида овоз бериши вақтида тушунмовчилик юз берди. Гап шундаки, Путин ўз бюллетенини сайлов бюллетенларини қайта ишлаш мажмуасига учинчи уринишдагина ташлашга муваффақ бўлди. Кейинроқ аниқланишича, у бюллетенни мажмуага нотўғри киритган. Бу ҳақда Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова маълум қилди.  

“Аниқланишича, президент бюллетенни нотўғри томони билан ташлаган. У бюллетенни олди томони билан ташламоқчи бўлган, мажмуалар эса овоз бериш сирини сақлашга амал қилишга дастурланган”, деб изоҳ берди тушунмовчиликка Памфилова.

Ушбу ҳолат акс этган видеони Кремль журналистларидан бири Дмитрий Смирнов ўз Telegram-каналида жойлаган. Видеода Путин ҳақиқатан ҳам ўз бюллетенини мажмуага олд томони билан киритмоқчи бўлганини кўриш мумкин. Унинг биринчи уринишидан кейин мажмуа бюллетен нотўғри киритилганини маълум қилган. Путин “Йўғ-е” деб ҳайратланиб, қоғозни яна олд томони, бироқ нариги чети билан киритган. Қурилма яна қоғозни қабул қилмаган. Шунда Путин қоғозни мажмуага орқа томонига ўгириб киритган. Шундан кейингина қурилма уни қабул қилган. “Энди тўғрига ўхшайди”, деб қайд қилиб қўйган Путин.

9 сентябрда Россияда ягона сайлов куни бўлиб ўтди. Мамлакатнинг 80 та регионида 4,7 мингтадан кўпроқ турли даражадаги сайловлар бўлиб ўтган. Сайловчилар рўйхатига 65 млн киши киритилган. 120 мингдан кўпроқ кузатувчи сайловлар бориши ортидан кузатув олиб борган.

Мавзуга оид