Жаҳон | 07:40 / 11.09.2018
7233
1 дақиқада ўқилади

Трамп террорчилик хавфи туфайли фавқулодда вазият тартибини яна бир йилга узайтирди

Фото: AFP/ Seth Mcallister

АҚШ президенти Дональд Трамп террорчилик хавфи мавжудлиги туфайли 2001 йил 11 сентябрдаги терактдан кейин эълон қилинган фавқулодда вазият тартибини яна бир йилга узайтириш ҳақидаги фармонни имзолади. 

“Террорчилик хавфи ҳали ҳам сақланиб қолинаётгани сабабли, мамлакатда 2001 йил 14 сентябрда эълон қилинган фавқулодда вазият ҳамда бу ҳолатга қарши курашиш учун киритилган ҳуқуқ ва ваколатлар 2018 йил 14 сентябрдан кейин ҳам ўз кучида қолиши керак”, деб айтилган ҳужжатда. 

Роппа-роса 17 йил аввал, 2001 йил 11 сентябрда АҚШда “Ал-Қоида” жангарилари 4 та йўловчи самолётини қўлга олиб, улардан иккитасини Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига, биттасини эса Пентагон биносига олиб бориб урган. Яна бир самолёт тахминларга кўра Оқ уй ёки Капитолийга урилиши керак бўлган, аммо Шанксвилл шаҳрида ерга қулаган. Теракт оқибатида 2974 киши ҳалок бўлган, 24 киши бедарак йўқолган.

Мавзуга оид