Light | 13:26 / 12.09.2018
28248
5 дақиқада ўқилади

Тайм-менежмент – вақтни бефойда сарфлаш (ми?)

Блогер Майо Ошин ўзининг Medium’даги устунчасида нима учун тайм-менежмент вақтни бефойда сарфлаш эканини тушунтириб берди. Самаралироқ ишлаш учун қувватни ақл билан йўналтириш кераклигини тушунтирди.

Узоқ ва юқори самарадорликнинг сири вақтни бошқариш ва қаттиқ ишлашда эмас, ўзингизни, айнан қувватингизни бошқаришда.

Фото: Unsplash

Бир кунда 24 соат вақтингиз бор. Нима учун кўпчилик бир кунда бошқа одамларга қараганда 10 баравар кўпроқ иш бажаришга улгуришининг сабаби улар қувватини яхшироқ бошқариши билан изоҳланади.

«Тўлиқ қувватли ҳаёт. Қувватни бошқариш – юқори самарадорлик, саломатлик ва бахт калити» китобида Жим Лоэр ва Тони Шварц қувватнинг бир неча тури борлигини айтади:

Жисмоний: Нафас, уйқу сифати, овқатланиш, қайта тикланиш ва тананинг жисмоний ҳолати.

Ҳиссий: Ўз-ўзига ишонч, ўзини назорат қилиш, ижтимоий кўникмалар, эмпатия.

Ақлий: Ақлий тайёргарлик, тасаввур, самарали тайм-менежмент ва ижодкорлик.

Руҳий: Характер, қизиқиш, илҳом ва ҳақгўйлик.

Қувватни бошқариш самарадорлик учун муҳим роль ўйнайди. Диққатни вақтга эмас, қувватга қаратишнинг бошқа сабабларини ўрганамиз.

1. Тайм-менежмент тизими одамни аяб ўтирмайди

У машина учун аъло даражадаги тизим, аммо одам учун эмас. У қувватимиз даражасини ҳисобга олмайди. Аёнки, куннинг турли қисмида иш сифатимиз ҳам ҳар хил. Бу тизим одамларга хос бўлган мазкур ҳиссий, ақлий ва қувват омилларини ҳисобга олмайди.

Фото: Unsplash

Ечим: режалаштириш пайтида вақтга эмас, ўз қувватингизга қараб йўналиш белгиланг.

Энг муҳим вазифаларни куннинг энг унумли қисми – айнан тонгга мўлжалланг. Гап шундаки, уйқудан кейин кучимиз кўп эканини ҳис қиламиз. Ижодкорликни талаб этмайдиган енгил вазифаларни кечки пайтга қолдиринг.

Қувват даражасига қараб кунни режалаштиришга оддий мисол:

  • Ижодкорлик қуввати (яхшиси 4:00 дан 11:00 гача)
  • Ижтимоий қувват (яхшиси 18:00 дан 23:00 гача)
  • Мулоқот учун қувват (қўнғироқлар, электрон хатлар, хабарлар – яхшиси 14:00 дан 17:00 гача)
  • Ўрганиш учун қувват (ярим кундан ташқари исталган пайт)
  • Жисмоний қувват (спорт – яхшиси 12:00 дан 14:00 гача)

2. Тайм-менежмент хавотир уйғотиб, бизни бахтсиз қилади

Бу тизим одам учун реал бўлмаган самарадорлик ва мукаммалликнинг ўта юқори стандартини илгари суради.

Кўпинча ўзимизни вазифаларни бажармаганимиз, ҳордиқ чиқараётганимиз учун айблаймиз. Қанчалик қаттиқ ишламайлик, яна кўп ишлар қолиб кетади.

Хавотир айбдорлик ҳиссини оширади. Шунинг учун анчагача ухламай, ишлар рўйхати ҳақида ўйлаймиз. Дам олиш ва вақтимизни дўстлар даврасида мазза қилиб ўтказиш ўрнига хавотирга тушамиз.

Фото: Unsplash

Ечим: доимий ҳордиқни режалаштиринг.

Ҳордиқ ва қайта қувватланиш самарали ишлашингизда ёрдам беради. Агар дам олиш учун вақт ажратишни бошласангиз, унумдорлик даражасидаги ўзгаришларга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

3. Тайм-менежмент – «вақтни бефойда кетказиш»

Қимматли вақтимизни режалаштириш, ўқиш ва тайм-менежментга сарфлаймиз. Ҳаракат қилиш ўрнига кунимизни режалаштирамиз холос. Шу йўл билан бирор нарсага эришдик, дея ўзимизни алдаймиз.

Гап шундаки, тайм-менежмент – вақтни бесамар кетказиш. Биз кўпинча бажаришни истаган ишларга улгурмаймиз. Вазифаларни ҳақиқатан ҳам амалга ошириш муҳимроқ.

Фото: Unsplash

Ечим: қувватингиз даражаси юқори бўлганида кўникмаларни ишлаб чиқинг ва уларни амалга оширинг.

Муваффақиятли кишилар мана бундай қилишади:

  • Уоррен Баффет эрталаб соат 6:45 да уйғонади ва кунни газета, китобларни ўқишдан бошлайди.
  • Ричард Брэнсон соат 5:00 да уйғонади ва спорт билан шуғулланади. Ишга киришишдан аввал вақтини оила даврасида ўтказади.

Муваффақиятли кишилар вақтни бошқармайдилар, улар одатда қувват даражаси юқори бўлганида фаол ҳаракат қилишади ва шу йўл билан доимийлик устида ишлайдилар. Самарадорлигингизга ҳисса қўшадиган шахсий кундалик одатингизни ўйлаб топинг.

Хулоса

Кўпинча тайм-менежмент одамнинг самарадорлигига ҳисса қўшадиган асосий омилларни ҳисобга олмайди. Биз – кунига 24 соат идеал ишлаши мумкин бўлган машина ёки робот эмасмиз. Ҳисларимиз, қувватимиз ва иродамиз бу- цикл.

Тайм-менежментга диққатни қаратиш ўрнига муҳим ишларни куннинг энг унумли қисмига режалаштиринг. Дам олишни унутманг. Амал қиладиган одатларингизни шакллантиринг. Сиз вақтни бошқара олмайсиз, бироқ ўзингизни бошқаришингиз мумкин.

Мавзуга оид