Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев «Китобга қўйилган ҳайкал» номли мақоласини эълон қилди. Бу мақола агентликнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида нашр этилган.

Олис болаликка хаёлан сафар қилиш ҳеч биримизга бегона эмас. Ширин хаёллар, тотли хотиралар уйғонганда кишини ажиб бир энтиктиради. Болалик дамларини безаган бепоён далалар, дашту биёбонлар, отлар дупури, қўй-қўзилар подаси, чанг қишлоқ кўчалари кино тасмасидек кўз ўнгингдан ўтади.

Ана шу манзаралар ичида пайкал орасида ярқ этиб бўй кўрсатиб турган, илкис ўзига имлаётган қовун-тарвузларнинг тотли ҳиди, помидор бодрингларнинг мазали бўйи ҳали-ҳали димоғимни қитиқлайди.

Эҳ-ҳе! Ҳаммасидан ҳам онам ёпган нонларнинг тафтини айтмайсизми. Тандирдан энди узилиб, буғи чиқиб турган кулча лаби оқариб, кўча чангитиб қорни очган болакайнинг энг тансиқ таоми эди. Айниқса, ширмой нонларнинг ўткир ҳиди димоғингизга урилганда олам чароғон бўлиб кетади. Дилингиз бир яйрайди. «Нон иси» деган жуда тотли ва шартли ибора бежиз айтилмаган, ахир.

Мен буларни нимага эслаяпман? Негадир мана шу айтганларим орасида яна бир унутилмас, дуч келганда юракни орзиқтирадиган, илм олишга ташна, бетизгин ва асов ўсмирликни ёдга соладиган яна бир мўътабар ис, бўй бор!

Бу оламни мунаввар айлаган маънавий хазина жавоҳири, қалб гавҳари бўлган муқаддас Китобнинг анвойи ҳиди!

Болалигимда уйимиздан бир кўча наридаги туман кутубхонасига қадам қўйишим билан биринчи бўлиб турли китобларнинг ажиб ҳиди димоғимга урилар эди. Мана шу ёқимли бўй мен учун маънавият оламининг муқаддас мушку анбарига айланди, бир умрга менга ҳамроҳ бўлди.

БОЛАЛИК КОШОНАСИ

Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган биноларни бугунгилари билан солиштириб бўлмайди албатта. Шундай бўлсада, ўша даврдаги туманимиз кутубхонаси ҳали-ҳамон мен учун дунёдаги энг муҳташам кошонадай хотирамда муҳрланиб қолган. Очиғи кунда-кунора бу китоб саройига борар эканман алоҳида жиддий ҳозирлик кўрар эдим. Сиз Эрмитаж музейи ёки театрга боришга ҳозир қандай ясан-тусан қилсангиз мен ҳам шундай қилардим.

Ўша дамда болалик тасаввуримда жаҳондаги энг чиройли иншоотлар фақат кутубхоналар бўлса керак, деб ўйлардим. Шинамлиги, тоза-озодалиги, кенг ва ёруғлиги назаримда муаззам саройлардан қолишмас эди.