Ўзбекистон | 10:09 / 14.09.2018
21838
3 дақиқада ўқилади

Хусусий таълим муассасаларига янги имтиёзлар берилди

Президентнинг 5.09.2018 йилдаги ПҚ–3931-сон қарори билан нодавлат таълим муассасалари учун бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари назарда тутилган.
 
Norma’нинг ёзишича, биринчидан, 15.09.2017 йилдаги ПҚ–3276-сон қарорда назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиши 2025 йил 1 январгача узайтирилди. Айнан нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш (мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида) фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларни қуйидаги тўловлардан озод қилиш тўғрисида сўз бормоқда:   

• барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ЯИТдан ташқари), бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилади;
• меҳнат шартномаси асосида таълим-тарбия жараёнига жалб қилинган хорижий ўқитувчи ва мутахассисларнинг ойлик иш ҳақидан ягона ижтимоий тўлов.
 
Аввалбошдан мазкур имтиёзлар 2021 йилгача бўлган муддатга жорий этилган эди.
 
Иккинчидан, ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда нодавлат умумтаълим муассасаларини жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, инвентарь ва моддий-техника ресурслари 2025 йилгача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) озод қилинади.
  
Учинчидан, чет эллик ўқитувчилар ва мутахассислар, уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар, шунингдек Ўзбекистонда яшаш жойида вақтинчалик прописка давлат божини ундирмасдан расмийлаштирилади ва узайтирилади.
 
Мамлакатимизга чет эллик ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этиш учун рухсатномалар, мазкур фуқаролар меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқининг тасдиқномалари Халқ таълими вазирлигининг буюртманомаларига кўра Меҳнат вазирлиги томонидан берилади. 
 
Тўртинчидан, Халқ таълими вазирлиги умумтаълим муассасалари ўқитувчилари давлат божини тўламай профессионал фаолият юритганда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисида даъво аризалари билан мурожаат қилиши мумкин.
 
Эслатиб ўтамиз, судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиган субъектларнинг тўлиқ рўйхати Солиқ кодексининг 329, 330-моддаларида кўрсатилган.
 
Ҳужжат 6.09.2018 йилдан кучга кирди.  

Мавзуга оид