Cirque du Soleil асосчиси коинотга парвоз қилгани учун 20 млн доллар солиқ тўлашга ҳукм қилинди
Канада солиқ суди Cirque du Soleil цирки асосчиси Ги Лалибертени 2009 йилда Халқаро космик станцияга парвоз қилгани учун 20 млн доллардан ортиқ солиқ тўлашга ҳукм қилди. Бу ҳақда CTV телеканали хабар берди.
Хабар қилинишича, дунёга машҳур цирк асосчисининг 41,8 млн долларга тушган парвози учун харажатлар Лалиберте хайрия миссиясини амалга оширгани боис цирк томонидан тўланган. У Cirque du Soleil’ни реклама қилгани ва ХКСда бўлган вақт давомида компаниянинг Россия бозорига киришига ҳаракат қилгани учун солиқ имтиёзлари берилишини талаб қилган.
Аммо Канада суди Лалибертенинг бу талабини инобатга олмади ва парвозни "ишчи ташриф кўринишидаги шахсий саёҳат" деб топди. CTV телеканалининг билдиришича, суд харажатларнинг атиги 10%ини циркнинг реклама кампанияси ва хайрия фаолиятига алоқадор деб топган.
Лалиберте 2009 йилда ХКСга 12 кунлик миссия билан парвоз қилган биринчи канадалик сайёҳ ҳисобланади.