Туркия, Россия, Германия ва Франция Идлиб муаммосини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилишди
Туркия, Россия, Германия ва Франция Истанбулда Сурия бўйича учрашувда Идлиб муаммоси ечими ҳарбий эмас, сиёсий бўлиши кераклигига, ҳарбий амалиёт оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги умумий фикрга келишди. Бу ҳақда Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалин маълум қилди.
“Идлибга ҳужум қилиниши оғир оқибатлар ва қочқинларнинг кўпайишига сабаб бўлиши борасида умумий фикрга келинди. Бизда бугун бу хавфларни баҳолаб, фалокатнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўришимиз мумкинлигини муҳокама қилиш учун имконият бор. Умумий позиция ечим ҳарбий эмас, сиёсий бўлиши кераклигидан иборат”, деб маълум қилган Қалин журналистларга.
Қалиннинг айтишича, қочқинлар оқими юзага келса, бу юк нафақат Туркия гарданига тушади. “Бу ҳолат Европада ҳам инқироз келтириб чиқариши мумкин”, деб айтган Қалин.
“Мақсадимиз – Идлибни жанглардан холи ҳудуд сифатидаги мақомини ҳимоя қилиб, гуманитар фалокатга йўл қўймасликдир”, деб қўшимча қилган Қалин.
Ҳозирда Идлиб вилояти ҳудуди Сурия ҳукумат қўшинлари томонидан деярли назорат қилинмаяпти. У ерда қуролланган мухолифат ҳамда бир қатор гуруҳлар жангарилари бор бўлиб, улар вақти-вақти билан Сурия қўшинларига ҳужумлар амалга оширмоқда.