Ўзбекистон | 22:00 / 15.09.2018
93471
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «буханка» нархи соат сайин ўзгармоқда

Ўзбекистонда 15 сентябрдан қолипли нон - «буханка»нинг нархи кўтарилди. 2014 йил кузидан буён нархи 650 сўм бўлиб келган нон нархи 550 сўмгача ошган ва энди бу маҳсулот республика бўйлаб 650 сўмдан 1200 сўмгача сотилмоқда. 

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси «Kun.uz»га маълум қилишича, қолипли нон нархи соат сайин ўзгармоқда. Қўмита мониторинг натижаларини тақдим этган.

Олинган оператив маълумотларга кўра, 600 граммли қолипли ноннинг донаси:
Қорақалпоғистон - 700 сўм;
Андижон вилояти - 800 сўм;
Бухоро вилояти - 750 сўм;
Жиззах вилояти - 650-1100 сўм;
Қашқадарё вилояти - 1000 сўм;
Навоий вилояти - 1000-1200 сўм;
Наманган вилояти -1000-1200 сўм;
Самарқанд вилояти - 650-750 сўм;
Сурхондарё вилояти - 650-1000 сўм;
Сирдарё вилояти -  650-1000 сўм;
Тошкент вилояти - 650-1200 сўм;
Фарғона вилояти - 1000-1200 сўм;
Хоразм вилояти - 1000-1200 сўм;
Тошкент шаҳри - 1200 сўм.

14 сентябрь куни Мамлакат аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, 2018 йил 15 сентябрдан 1 килограмм 1-нав буғдой уннинг улгуржи нархи 1 400 сўм этиб белгиланди, қолипли нон эркин бозор нархи бўйича (ҳозирда нарх давлат томонидан тартибга солинган) сотиладиган бўлди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 2018 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон олиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи (18 400 сўм) миқдорида компенсация тўлови тўлаб берилади.

Эндиликда ишлаб чиқариш таннархи ошиши эвазига тандир ноннинг нархи ҳам ошиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда қолипли нон нархи охирги марта 2014 йил сентябрида 50 сўмга қимматлаб, 650 сўм этиб белгиланган эди.

Мавзуга оид