Спорт | 13:50 / 17.09.2018
17323
12 дақиқада ўқилади

«Реал»нинг тўхтатилиши ва «Барса» учун лаънатланган шаҳар. Испанияда тур ўйинлари

14-16 сентябрь кунлари давомида Испания чемпионатида 4-тур учрашувлари ўтказилди. 

«Реал Сосьедад» «Барселона»га яна жиддий қаршилик кўрсатди, аммо ютқазди.

«Реал Сосьедад» - «Барселона» - 1:2 (1:0)
Голлар: Элустондо, 12 (1:0). Суарес, 63 (1:1). Дембеле, 66 (1:2). 
«Реал Сосьедад» (Сан-Себастьян): Рульи, Сальдуа, Элустондо, Морено, Эрнандез, Ильярраменди (Мерино, 82), Субельдия, Сурутуса (Баутиста, 73), Пардо (Сангальи, 82), Оярсабаль, Хуанми.
«Барселона»: тер Штеген, Семеду (Коутинью, 46), Пике, Юмтити, Жорди Альба, Ракитич, Серхи Роберто, Рафинья (Бускетс, 57), Месси, Суарес, Дембеле (Видаль, 77).
Огоҳлантиришлар: Ильярраменди, 43. Юмтити, 87.

Куз романси
Сан-Себастьян – Испания шимолидаги гўзал шаҳарлардан бири бўлиб, бу шаҳар Бискай кўрфази қирғоқларига яширинган. Бу эса ҳудудда беқарор иқлим бўлишини таъминлайди – шамоллар, ёмғирлар, айниқса қишки вақтда. «Барселона» охирги йиллар баскларга қарши сафар ўйинларини январь ойида ўтказган, сентябрь ойида - очиқ осмон остида «Реал Сосьедад» майдонидаги ўйин анча вақтдан буён кузатилмаганди.

Эски тавқи лаънат
«Аноэта» - баскларнинг уй стадиони кўп йиллардан буён «Барселона» учун қўрқув манзили бўлиб келган, бу стадион каталонлар учун лаънатланган стадионга айланганди. Каталонларнинг бу ердаги охирги икки ғалабаси ўртасидаги муддат 11 йилни ташкил этарди - 2007 йилда 2:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин фақат шу йил январига келибгина 4:2 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди. 11 йил давомида жамоалар Ла Лига доирасида 7 учрашув ўтказган («Реал Сосьедад» маълум муддат қуйи дивизионда иштирок этди) ва бу учрашувларда каталонлар 5 марта мағлуб бўлиб, 2 дуранг қайд этишган.

Сан-Себастьянда Пеп Гвардиола ҳам, Тито Виланова ҳам, Тата Мартинов ва Луис Энрике ҳам мағлуб бўлган. Бу ердан Месси, Хави, Неймар ва Алексис Санчес каби юлдузлар гол ура олмасдан кетишган. «Бискай учбурчаги»да каталонлар кемаси қайта ва қайта чўккан, фақат 2018 йилнинг январида Эрнесто Вальверде муваффақият қозона олди. Ўшанда ҳам мезбонлар аввалига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишган ва каталонлар ирода кўрсатиб, тарихий ғалабага эришганди.

Янги «Аноэта»
Ўтган йилнинг октябрида басклар стадионни янгилашга киришди. Асосий вазифа - «Аноэта»ни ҳақиқий футбол стадионига айлантириш эди, югуриш йўлаклари олиб ташланди ва қўшимча қаватлар ўрнатилиб, стадион сиғими 32 мингдан 42 минг кишига етказилди.

Қурилиш ишларига 47 миллион евролик бюджет ажратилди. Стадион тайёр бўлгунича, бу мавсумнинг илк 3 турини «Реал Сосьедад» сафарда ўтказди.

«Барса» учун ҳалокатли бўлим
Ўйинда ҳисобни мезбонлар ҳимоячиси Элустондо очди. Стандарт вазиятдан кейин дарвоза устунидан қайтган тўпга эга чиққан футболчи Тер Штегенни ожиз қолдирди.

Қаторасига олтинчи мавсум каталонлар «Аноэта»да биринчи бўлиб гол ўтказмоқда. Вальверде терма жамоа ўйинларидан қайтган Бускетс ва Коутиньони туширмади, Рафинья асосий таркибдан жой олди. Аммо бу ўзини оқламади, биринчи бўлим «Барселона» учун жуда ёмон кечди, бирорта ҳам хавфли вазият яратилмади, жамоа бу ерга очко олиш учун келгандек кўринмади.

Иккинчи бўлимдаги бурилиш

Аммо каталонияликлар мураббийи ўйинда ўзгариш ясай олди. У иккинчи бўлим бошидаёқ Бускетс ва Коутиньони майдонга ташлади ва «Барселона» ўйини бутунлай ўзгарди. Ўша-ўша схема ишга тушди, ўйинда мазмун пайдо бўлди, тезлик ошди. Атиги 3 дақиқада 2та самарали ҳужум уюштирилиб, Суарес ва Дембеле «Реал Сосьедад» ҳимояси ҳамда дарвозабон Рульини жазолади.

Майдон эгалари мағлубиятдан қутулиб қолишлари мумкин эди. Аммо Тер Штеген камида 3 марта жамоасини муқаррар голлардан қутқарди. «Барса» ҳимоясида кўплаб хатолар бўлди, аммо «Реал Сосьедад» рақиб хатоларидан фойдалана олмади.

Турнир фаворитларидан бири Бильбаода очко йўқотди. Бунга басклар янги дарвозабонининг фантастик ҳаракатлари сабаб.

«Атлетик» - «Реал» - 1:1 (1:0)
Голлар: Икер Муниаин, 32 (1:0). Иско, 63 (1:1).
«Атлетик» (Бильбао): Симон, Де Маркос, Альварес, Иньиго Мартинес, Берчиче, Рауль Гарсия, Дани Гарсия, Эчеварриа (Микель Рико, 81), Сусаэта, Иньяки Уильямс (Сан-Хосе, 76), Икер Муниаин (Капа, 54).
«Реал» (Мадрид): Куртуа, Карвахаль, Серхио Рамос, Варан, Марселу, Себальос (Каземиру, 46), Кроос, Модрич (Иско, 61), Бэйл (Васкес, 75), Бензема, Асенсио.
Огоҳлантиришлар: Альварес, 45. Дани Гарсия, 60. Капа, 68. Берчиче, 72. Эчеварриа, 78. Карвахаль, 85. Васкес, 87. Симон, 90+2.

Басклар юртидаги имтиҳон
Испан футбол тожига даъвогар икки жамоа - «Барселона» ва «Реал» 4-турда басклар ўлкасида жиддий имтиҳондан ўтишди. Каталонлар қийинчилик билан бўлса-да ғалабага эришди, аммо мадридликлар «Сан Мамес»да ғалаба қозона олишмади ва асосий рақобатчини олдинга ўтказиб юборишди.

Шерлар юраги
«Атлетик»нинг иккинчи номи «Шерлар». Бу жамоа сафар ўйинларида қанчалик ёмон ўйнаса-да, ўз уйида ҳеч кимга таслим бўлишни истамайди. Катта жамоалар ҳамиша бу ерда катта қийинчиликларга дуч келишган. Ла Лига доирасида Бильбаодаги охирги 5 учрашувда «Реал» бу ердан 15 ўрнига 8 очко билан қайтган. 

Умидли Симон

Фақат шу йил августида ўринбосарлар таркибидан асосий жамоага ўтказилган 21 ёшли Унаи Симон 90 дақиқа ичида барчани Кепа Аррисабалагани унутишга мажбур қила олди. Кепа 80 миллион евро эвазига «Челси»га йўл олганида кўпчилик басклар энди у даражадаги дарвозабон топа олишига ишонқирамай қараганди. Аммо шанба оқшомидаги ўйинда Симон оёқлари билан ҳам, қўллари билан ҳам «Реал»нинг камида 5та голини йўққа чиқарди.

Мунианнинг голи
Меҳмонлар ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ ҳужумда ҳаракат қилди, «Атлетик» ўз вақтини кутди. Симоннинг қаҳрамонликларидан кейин, биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида ниҳоят Куртуа дарвозаси томон ҳам хавф солина бошланди. Уильямс ва Муниан жуфтлиги рақиб жарима майдонидаги пала-партишликдан фойдаланиб ҳисобни очишди. 

Исконинг жавоби
Мадридликлар узоқ вақт жавоб қайтара олишмади, бунга Симон тўсқинлик қилди. У Бэйлнинг жаримадан берган зарбасини, қайтган тўпга етиб келган Рамоснинг зарбасини қайтариши муносиб олқишлар билан қаршиланди. «Қироллик клуби» тўхтовсиз ҳужумлар уюштириб, зарбалар берар, ёш дарвозабон ўзини кўрсатарди. Фақат бир марта, захирадан ўйинга қўшилган Исконинг бош билан узоқ бурчакка йўллаган зарбасини у тўсиб қололмади.

Аммо у кейин ҳам гол ўтказмади. Финал ҳуштаги чалиниши арафасида асаблар жанги бошланди ва ҳакам чўнтагидан кетма-кет сариқ карточкалар чиқа бошлади. «Атлетик» жароҳат туфайли Мунианни йўқотгандан кейин ҳам ҳужум қилишни тўхтатмади ҳамда дуранг ҳисобни ушлаб қолди.

Бильбаода янги дарвозабон порламоқда. Мадрид илк марта очко йўқотди. Энди «Барселона» билан орадаги фарқ 2тани ташкил қилмоқда.

«Атлетико»да инқироз
«Атлетико» – «Эйбар» – 1:1 (Борха Гарсес, 90+4 – Серхи Энрич, 87)
«Атлетико» – Облак, Годин, Хуанфран, Хименес, Филипе Луис, Родри Эрнандес (Гарсес, 71), Лемар (Корреа, 59), Коке, Сауль, Гризманн, Диего Коста.
«Эйбар» – Дмитрович, Паулу Оливейра, Арбилья, Хосе Анхель, Пенья, Альварес, Жордан, Диоп (Кардона, 80), Де Бласис, Милья (Эскаланте, 57), Шарлес (Энрик, 57).
Огоҳлантиришлар: Шарлес (16), Коке (39), Годин (51), Диоп (54).

Диего Симеоне жамоаси мавсумни яхши бошламади, биринчи турда «Валенсия» билан дуранг (1:1), 2-турда камтар «Райо Вальекано» устидан камтар ҳисобдаги ғалаба (1:0), учинчи турда эса «Сельта»га учралган мағлубият (0:2).

Энди жамоа «Ванда Метрополитано»да ўз мухлислари қаршисида ўзини оқлаб олиши мумкин эди. Аммо «Эйбар» бунга йўл қўймади. «Атлетико» кўп сонли ҳужумларини гол билан якунлай олмади, Диего Коста ҳам, Антуан Гризманн ҳам яккама-якка вазиятларни йўққа чиқарди. Шундан сўнг меҳмонлар ҳужумга ўта бошлашди, икки марта Облак жонига дарвоза устунлари оро кирди. 87-дақиқада Серхи Энрич Годиннинг хатосидан кейин гол уриб, мезбонларни ҳалокат ёқасига келтириб қўйди. Аммо ўйинга захирадан қўшилган, 19 ёшли Борхи Гарсес қўшиб берилган 4-дақиқада гол уриб, Ла Лигадаги дебютидаёқ жамоани қутқарди.

Энди уни Фернандо Торресга қиёслай бошлашди. У мадридликлар жамоасининг янги стадионидаги 50-голи муаллифи сифатида тарихга кирди.

«Валенсия» инқирози
«Валенсия» – «Бетис» 0:0 (0:0, 0:0)
«Валенсия» – Доменек, Пиччини, Габриэл, Диакаби, Гайя, Ферран Торрес (Гонсалу Гедеш, 63), Парехо, Кондогбиа (Васс, 14), Черишев (Батшуайи, 77), Гамейро, Родриго.
«Бетис» – Лопес, Манди, Бартра, Сидней, Герреро, Каналес, Гуардадо, Фирпо, Будебуз (Ло Чельсо, 77), Инуи (Санчес, 63), Санабрия (Леон, 68).
Огоҳлантиришлар: Ферран Торрес (16), Парехо (31), Санабрия (36), Пиччини (62), Габриэл (74), Диакаби (76), Гуардадо (77), Лопес (81), Батшуайи (90).

Ўтган мавсумда кучлилар қаторида борган ва мавсумни кучли тўртликда якунлаган «Валенсия»да бу мавсум кутилганидек пасайиш кузатилди. Чунки жамоа ўтган мавсумдаги асосий етакчиларини таркибда сақлаб қололмади. Лекин жамоа бу қадар пастга шўнғиши кутилмаганди, айни вақтда валенсияликлар 4 ўйинда 1 мағлубият ва 3 дуранг қайд этган ҳолда 3 очко билан 17-ўринда жойлашган.

Бу ҳафтада «Валенсия» ҳам, «Бетис» ҳам еврокубоклардаги иштирокини бошлайди. «Валенсия» Чемпионлар лигасида, «Бетис» Европа Лигасида гуруҳдаги илк ўйинларда майдонга тушади. «Бетис»га қарши ўйин «Валенсия»да муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди ва жамоада «Ювентус», «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Янг Бойз» клублари орасида кейинги босқичга чиқиш имконияти жуда паст.

«Севилья» бу турда ўз майдонида «Хетафе»га ютқазди (0:2) ва турнир жадвалида 4 очко билан 11-ўринга жойлашган. «Эспаньол» «Леванте»ни мағлуб этиб, кутилмаганда 7 очко билан тўртинчи ўринга кўтарилган.

Бугун тур доирасидаги охирги ўйин «Жирона» ва «Сельта» клублари ўртасида бўлиб ўтади.

Тур ўйинлари
«Уэска» – «Райо Вальекано» 0:1 (0:1, 0:0)
Гол: 0:1 – 29 Имбула.
«Леганес» – «Вильярреал» 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 65 Бакка.
«Эспаньол» – «Леванте» 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 52 Гарсия.
«Вальядолид» – «Алавес» 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 90 Ибаи Гомес.
«Севилья» – «Хетафе» 0:2 (0:2, 0:0)
Голлар: 0:1 – 3 Анхель, 0:2 – 38 Анхель.

Турнир жадвали

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид