Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Роналдунинг илк голлари, «Рома» ва «Милан»нинг қоқилиши, Дуглас Костанинг шармандали қилиғи - Италияда тур воқеалари
Италия чемпионатида 4-тур ўйинлари 17 сентябрь куни кечқурун ўтказиладиган СПАЛ - «Аталанта» баҳси билан якунланади. Шанба ва якшанба кунлари эса бир қанча эътиборга молик воқеалар юз берди.
Турнинг марказий ўйинида Роналдунинг илк голлари «Ювентус» ғалабасини таъминлади
«Ювентус» ўз майдонида «Сассуоло» билан беллашди. Ёзда 112 миллион евро эвазига харид қилинган Криштиану Роналду ўйинда 2та гол уришга муваффақ бўлди. Бу воқеани Роналду ва «Ювентус» мухлислари узоқ кутишларига тўғри келди. Уларнинг қувончига португалиялик ҳужумчи Чемпионлар Лигаси баҳсларидан олдин, «Ювентус» таркибидаги голлари ҳисобини очишга эришди. Шубҳасиз, бу билан унинг елкасидан жуда катта тоғ ағдарилди. Ўйин 2:1 ҳисобида якунланди.

Беллашувдан кейин, ўйин қаҳрамони ўз ҳиссиётларини яшира олмади.
«Жуда ҳам бахтиёрман. «Ювентус»даги илк голларимни интизорлик билан кутгандим. Гол уролмаётганим ҳақидаги кесатиқлар мени хавотирга солмоқда эди», - деди Роналду.
Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 100% кўрсаткич билан А Серия пешқадами бўлиб турибди.
Ювентус – Сассуоло 2:1 (0:0, 2:1)
16 сентябрь, Турин, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 50 Роналду, 2:0 – 65 Роналду, 2:1 – 90 Эль-Бабакар.
Ювентус – Шченсни, Бонуччи, Бенатия, Алекс Сандро (Куадрадо, 80), Жоау Канселу, Хедира, Матюиди, Джан (Бентанкур, 71), Роналду, Манжукич (Дуглас Коста, 61), Дибала.
Сассуоло – Консильи, Феррари, Марлон, Лирола, Рожерио (Делль`Орко, 72), Боатенг, Журичич (Ди Франческо, 61), Бурабия, Данкан, Берарди, Локателли (Эль-Бабакар, 83).
Огоҳлантиришлар: Журичич (23), Берарди (26), Жоау Канселу (32), Бурабия (40), Алекс Сандро (60), Дуглас Коста (90).
Четлатиш: Дуглас Коста (90).
«Интер»нинг кутилмаган мағлубияти
Чемпионлар Лигаси иштирокчиси «Интер» ўз майдонида А Серия дебютанти «Парма»ни қабул қилди. «Кўк-қоралар» ўйинни асосий ҳужумчиси Мауро Икардисиз бошладилар. Аргентиналик кичик жароҳати сабабли, захира ўриндиғида қолди. Натижада, «Интер» ҳужумда жуда заиф кўринди. Биринчи бўлимда жамоа кўпроқ ҳужум қилган бўлса-да, «Парма» дарвозабонига қийинчилик туғдира олмади. Иккинчи бўлимда бош мураббий Спаллетти Икардини майдонга туширди. «Интер» ҳужумларида хилма-хиллик пайдо бўлса-да, барибир рақиб дарвозаси ишғол этилмади. 79-дақиқада эса Димарко узоқ масофадан ажойиб зарба йўллаб, жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди.

Баҳсдан сўнг, «Интер» бош мураббийи Лучано Спаллетти файласуфларга хос хотиржамликни намоён қилди.
«Биз ўйлаган режаларимизни амалга оширолмадик. «Парма» «Ювентус»га қарши ўйиндаги имкониятларидан бугун фойдаланиб қолди. 4та ўйинда 2 марта ютқаздик, бунга баҳона ва сабаб топиш жуда мушкул. Биз кўпроқ ишлашимиз лозим», - деди мураббий.
«Наполи»нинг оғир ғалабаси
Карло Анчелотти қўл остида мавсумни бошлаган «Наполи» ҳали изланиш йўлида десак ҳам бўлади. Жамоа дастлабки 4та турда атиги 6 марта рақиб дарвозасини ишғол этди. Бу турда «Наполи» ўз майдонида «Фиорентина» билан беллашди. Ўйин деярли тенг курашлар остида ўтди. Ҳар иккала жамоа аввало ҳимоя ҳақида ўйладилар. Бироқ, «Наполи»нинг ҳужумлари хавфлироқ бўлди. Бу фақат ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида ўз самарасини берди. Инсинье чиройли гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди.

Ўйиндан кейин, бош мураббий Карло Анчелотти унинг ўйинига юқори баҳо берди.
«Инсинье ўйинни жуда яхши ўтказди. У ўзини яхши томонлама намоён қила олди. Шубҳасиз, Лоренцо мен учун баҳснинг энг яхши футболчисидир», - деди Анчелотти.
Бу натижадан сўнг, «Наполи» 9 очко билан 2-ўринга кўтарилиб олди.
«Рома»нинг қоқилиши
«Рома» ўз майдонида яққол аутсайдер «Кьево»ни қабул қилиб, 2:2 ҳисобидаги кутилмаган дурангни қайд этди. Дастлабки ярим соат римликлар ташаббуси остида ўтди. Эль-Шаарави ва Кристанте голлари эвазига «Рома» 2:0 ҳисобида олдинга ўтиб олди. Иккинчи бўлимда эса «Кьево» кучли ирода кўрсата олди ва Бирса билан Степински голларидан сўнг, ҳисобни тенглаштирди. Римликлар ёзда кўплаб футболчиларини сотиб юбордилар, бир қанча янги ўйинчиларни олдилар. Бош мураббий Эусебио ди Франческо эса ҳамон жамоанинг оптимал таркибини аниқлай олмади. Чемпионлар Лигаси баҳсларидан олдин эса бу римлик тиффозилар учун хавотирли ҳолат.

Ўйиндан сўнг, Эусебио ди Франческо муваффақиятсизлик сабабларига тўхталиб ўтди.
«Келинг ўйинни таҳлил қилайлик. Ҳа, биз ёмон ҳимояландик, аммо кўп ҳужум қилдик. Биз натижани йирикроқ қилишимиз мумкин эди, аммо якунда очко йўқотдик. Биз ҳимояни кучайтиришимиз шарт, жамоа эса жуда кўп таваккал қилмоқда» - деди у.
«Лацио»нинг муҳим ғалабаси
«Лацио» сафарда «Эмполи» билан беллашди ва 1:0 ҳисобидаги муҳим ғалабани қўлга киритди. Ягона гол 47-дақиқада Пароло томонидан урилди. Дастлабки 2 турда асосий рақобатчилари ҳисобланмиш «Наполи» ва «Ювентус»га ютқазган «Лацио» кейинчалик 2та қийин ғалабани қўлга киритди ва жадвалдаги ўрнини бироз яхшилаб олди. Шубҳасиз, бу ютуқ футболчиларга руҳий жиҳатдан ижобий таъсир қилади ва «Лацио»га кейинги ўйинларда ёрдам беради.

Ўйиндан сўнг, «Лацио» бош мураббийи Симоне Индзаги бу ғалабанинг жуда муҳим эканини тасдиқлади.
«Биринчи бўлимда яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди. Яхшиямки, иккинчи бўлимда гол ура олдик. А Сериядаги муваффақиятсиз стартдан сўнг, бундай ғалабага муҳтож эдик. Энди бизни Европа Лигасидаги қийин баҳслар кутмоқда» - деди Индзаги.
Игуаин илк голини урди, аммо «Милан» ҳали кўп ишлаши керак
«Милан» сафарда «Кальяри» меҳмони бўлди. Биринчи бўлим мезбонларнинг устунлиги остида ўтди ва улар тезкор гол уришга муваффақ бўлишди. 4-дақиқада Жоао Педро рақиб ҳимоячиларининг хатосидан фойдаланиб, тўпни дарвозага йўллади. «Кальяри» танаффусгача ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди. Бир неча вазиятда дарвозабон Доннарумма, бошқа ҳолатда дарвоза устуни ва тўсини «россонери» жонига ора кирди. Иккинчи бўлимда «Милан» жонланиб қолди. 55-дақиқада Гонсало Игуаин рақиб ҳимоячилари хатосидан фойдаланиб, дарвозабонни алдаб ўтиб, тўпни тўрга йўллади.

Бу аргентиналикнинг «Милан» таркибидаги илк голи бўлди. Меҳмонлар ғалабани илиб кетиш учун харчанд уринишмасин, ҳисоб ўзгармади. Бу беллашув ёзда таркибини кучайтириб олган «Милан»нинг ҳали кўп ишлаши лозимлигини кўрсатиб берди.
А Серия 4-тур натижалари
15 сентябрь
Интер – Парма 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 79 Димарко.
Наполи – Фиорентина 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 79 Инсинье.
Фрозиноне – Сампдория 0:5 (0:1, 0:4)
Голлар: 0:1 – 10 Куальярелла, 0:2 – 47 Капрари, 0:3 – 54 Дефрель, 0:4 – 83, пенальти Ковнацки, 0:5 – 86 Дефрель.
16 сентябрь
Рома – Кьево 2:2 (2:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 10 Эль-Шаарави, 2:0 – 30 Кристанте, 2:1 – 52 Бирса, 2:2 – 83 Стемпиньски.
Удинезе – Торино 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 28 де Пауль, 1:1 – 49 Мейте.
Женоа – Болонья 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 69 Пентек.
Эмполи – Лацио 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 47 Пароло.
Кальяри – Милан 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 4 Жоао Педро, 1:1 – 55 Игуаин.
17 сентябрь
СПАЛ – Аталанта
А Серия жадвали
А Серия тўпурарлари
4 - Кшиштоф Петек (Женоа), Грегоре Дефрель (Сампдория)
3 - Родриго Де Пауль (Удинезе, 1), Марко Бенасси (Фиорентина)
Тур қаҳрамони - Криштиану Роналду («Ювентус»)
«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Сассуоло»га (2:1) қарши ўйинда рақиб дарвозасини икки марта ишғол этди. Бу машҳур португалияликнинг А Сериядаги дастлабки голлари бўлди.


Қизиғи шундаки, Роналдуни бу ўйинда илк маротаба қаллиғи Жоржина Родригес ва фарзандлари стадионда кузатиб боришди. Балки шу воқеа футболчини янада илҳомлантирган бўлса, ажаб эмас.
Тур антиқаҳрамони - Дуглас Коста («Ювентус»)
«Ювентус» яримҳимоячиси Дуглас Коста «Сассуоло»га (2:1) қарши баҳснинг сўнгги дақиқаларида қуюшқондан чиқиб кетди.
Дастлаб у рақиби Федерико Ди Франческони тирсаги билан урди ва унга боши билан енгил зарба берди.

Натижада, бош ҳакам унга сариқ карта кўрсатди. Бироз ўтгач, ўзини босиб ололмаган Дуглас Коста Ди Франческонинг юзига тупурди. Бу ҳолатни кузатиб бораётган видео-ёрдамчилар дарҳол бош ҳакамга хабар беришди.

Натижада, Дуглас Коста зудлик билан майдондан четлатилди. Энди у 5 ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин. Баҳсдан сўнг, Дуглас Коста жамоадошлари ва мухлислардан узр сўради.
Тур иқтибоси - «Дибала асосий таркибда тушишга лойиқ эканини исботлаши шарт»
«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри нега ҳужумчи Пауло Дибалага ўйин амалиётини бермаётганини айтди.

«Пауло менинг тактикам туфайли ўйнамаяпти. Мен асосий таркиб учун 11 ва захирадан тушадиган 3 футболчини танлаб олишим керак. Дибала асосий таркибда тушишга лойиқ эканини исботлаши шарт. Бу гап барча футболчиларга тааллуқли, бунда бошқа йўл кўрмаяпман» - деди Аллегри.
Тур рақами - 19
А Серияга қайтган «Парма» сафарда «Интер»ни мағлуб этди. Бу сўнгги 19 йилда илк маротаба содир бўлди.

Охирги марта «Парма» 1999 йил май ойида Марио Станич, Фаустино Асприлья ва Диего Фузер голлари эвазига «Интер»ни 3:1 ҳисобида енгган, «кўк-қоралар» сафидаги ягона гол афсонавий бразилиялик Роналдо ҳисобига ёзилган эди.
Мавзуга оид
18:03 / 11.06.2026
Месси ва Роналдуда 6-мундиал, Мбаппе Клозедан ўтиши мумкин. ЖЧ-2026 интригалари
16:03 / 27.05.2026
Forbes дунёнинг энг сердаромад спортчилари рейтингини эълон қилди
11:34 / 22.05.2026
Роналду ниҳоят Саудияда чемпион бўлди
20:28 / 19.05.2026