Жаҳон чемпионатида 1/16 финал баҳслари якунланиб бормоқда. Бу оқшомда ҳам ёрқин ўйинлар бўлиб ўтди: Португалия драматик кечган баҳсда Хорватияни сўнгги дақиқаларда мағлуб этди (2:1), Швейцария Жазоирдан кучлироқ чиқди (2:0), Испания эса Австрияга ҳеч қандай имкон қолдирмади (3:0).

Майдонлар ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар бўлиб ўтмоқда. Франция миллий жамоаси яримҳимоячиси Райан Шерки руҳий қийинчиликка учрамоқда, Германия футбол федерацияси Юлиан Нагелсманндан истеъфога чиқишни сўради, Лионел Месси ва Аргентина миллий жамоаси футболчилари эса Майамидаги аэропорт учиш-қўниш йўлагида тинтув қилинди.

Роналду ЖЧ плей-оффидаги илк голини урди

Португалия – Хорватия 2:1
Голлар: Перишич, 53 (0:1). Криштиану Роналду, 68 – пеналти (1:1). Рамуш, 90+4 (2:1)
Португалия: Кошта, Рубен Диаш, Вейга, Нуну Мендеш, Жоау Канселу (Семеду, 63), Жоау Невеш, Витиня (Бернарду Силва, 62), Бруну Фернандеш (Рамуш, 63), Леау, Педру Нету (Консейсау, 63), Криштиану Роналду (Рубен Невеш, 81)
Хорватия: Ливакович, Понграчич, Шутало, Перишич, Станишич, Ковачич (Крамарич, 90+6), Модрич, Сучич, Батурина (Пашалич, 68), Влашич (Гвардиол, 90+2), Будимир (Матанович, 46)
Огоҳлантиришлар: Рубен Диаш, 17 – Модрич, 59. Перишич, 90

Бу 40 ёшли Лука Модрич учун сўнгги жаҳон чемпионати экани олдиндан маълум эди. Ўйин арафасида Криштиану Роналду ҳам ушбу турнирдан кейин Португалия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаши ҳақида хабар тарқалди ва ушбу ўйинга бўлган қизиқишни янада оширди – бу ким учун «сўнгги рақс» бўлиб қолади?

Португаллар илк дақиқалардан кучли босим уюштиришди ва тезкор гол билан ҳисоб очилиши мумкин эди, аммо Бруну Фернандеш бир ҳужум давомида икки бор зарба берди – унинг биринчи уринишини дарвозабон бартараф этди, иккинчи зарбадан кейин тўп йўлини ҳимоячи тўсиб чиқди. Кўп ўтмай Криштиану жарима зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлди, аммо тўп жонли девордан ўтмади. Кейинроқ у
 Нетунинг дарвозабон ҳудудига ошириб берган тўпни дарвозага тўғрилаб юборишга улгурмади. 

Криш ва жамоаси биринчи бўлимда 9 бор зарба йўллашди, аммо ҳисоб очилмай қолди. Иккинчи бўлимда эса хорватлар ўйинни кучайтиришди ва хавфли вазиятлар ярата бошлашди. Шундай ҳужумлардан бирида Иван Перишич жарима майдонида ёлғиз қолдирилди ва у буни кечирмади. У тўпни қабул қилиш ва ўзига бўйсундириш учун етарлича вақт бўлди ва учинчи тегинишда тўп дарвозабоннинг оёқларидан ўтказилди.