Каттақўрғондаги мактаб филиалида муаммолар бартараф этилди
Каттақўрғон туман ҳокимлиги Kun.uz сайтида эълон қилинган «Каттақўрғон туманидаги Муртак қишлоғи аҳолиси фарзандларини қайси мактабда ўқитади?» сарлавҳали мақолада кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгани ҳақида маълумот берди.
«Kun.uz сайтида эълон қилинган «Каттақўрғон туманидаги Муртак қишлоғи аҳолиси фарзандларини қайси мактабда ўқитади?» номли мақола Каттақўрғон тумани мутасаддилари томонидан ўрганилди. Мақолада келтирилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар олиб борилди.
Жумладан, Муртак қишлоғида жойлашган Каттақўрғон туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 53-умумтаълим мактаби қошидаги филиал биноси қишлоқ аҳолисининг талаб ва истаклари асосида тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилди.
Каттақўрғон туман ҳокимининг 2018 йил 14 сентябрдаги 1625-Қ-сонли қарори асосида ушбу филиал 53-умумий ўрта таълим мактабидан 56-умумий ўрта таълим мактабига филиал сифатида ўтказилди. Илгари ушбу филиалда фақат бошланғич синфлар ўқитилар эди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида туман ҳокимининг қарори билан ушбу филиал жорий йилнинг 17 сентябрь кунидан 1-9 синфларнинг ўқитилиши ташкил этилди.
Шу муносабат билан 53- ва 56-умумий ўрта таълим мактабларида таълим олаётган қишлоқнинг 1-9 синф бўлган ўқувчилари ушбу филиалга қайтган ва ўз қишлоғида таълим олишни бошлади.
Айни вақтда ушбу мактаб филиалида мақолада кўрсатилган барча камчиликлар бартараф этилди. Ушбу таълим масканидаги ҳолат таълим олиш учун қониқарли даражага келтирилганини маълум қиламиз», – дейилади Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари С.Мингбоев номидан келган маълумотномада.
Ушбу маълумотнома тақдим этилгандан кейин биз қишлоқ аҳолиси билан боғландик. Ҳақиқатан ҳам 17 сентябрь куни ушбу филиал тўққиз йиллик бўлиб, тантанали очилибди. Мактаб жорий таъмирланиб, ҳовлисида спорт майдончалари ташкил этилган.
– Неча йиллик орзуимиз ушалди, – дейди Холида Эшқувватова. – Невараларим узоқдаги мактабга қатнаб ўқигани ва катта йўлдан қатнагани учун доим хавотирда юрардим. Қолаверса, мактабимиз жуда ҳам хароб аҳволдалиги бутун қишлоқни ўйлантираётган муаммолардан бири эди. Мана, барча муаммолар ҳал этилди. Болаларимиз шундоққина ёнимизда таълим оладиган бўлди. Икки сменада таълим олишса ҳам, муҳими, яқин масофага қатнаб ўқишади. Туман мутасаддилари келгусида қишлоғимизда янги мактаб биноси қурилишини айтишди.
Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ушбу масалага эътибор қаратиб, муаммоларни бартараф этгани, албатта, ижобий ҳолат.
Туман мутасаддилари ушбу мактаб филиалини қайта тўққиз йиллик бўлиб очилганлиги муносабати билан ташкил этилган тадбир ва таъмирланган мактаб суратларини ҳам юборишди.
Мавзуга оид
18:12 / 03.08.2024
Самарқандда содир бўлган ЙТҲда “Дамас” ҳайдовчиси ҳалок бўлди
11:38 / 18.07.2024
Самарқандда автобус уриб юбориши оқибатида пиёда вафот этди
17:30 / 20.02.2024
Тўрт ҳудудда ноқонуний ер савдоларига чек қўйилди
14:01 / 28.09.2023