Ўзбекистон | 17:48 / 19.09.2018
3562
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК «Cargolux» компанияси билан музокаралар ўтказди

19 сентябрь куни «Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар» мавзуидаги халқаро конференция арафасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК дирекциясида миллий авиакомпания бош директори Бахтиёр Ҳакимов «Cargolux Airlines International S.A.» авиакомпаниясининг Грузия ва МДҲ давлатлари бўйича Минтақавий директори Вугар Насибов ҳамда Люксембург фуқаро авиацияси Директорати бошқармаси бўлим бошлиғи Чарлз Клеин билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда томонлар авиаюкташувлари соҳасида ҳамкорлик қилиш ва «Навоий» халқаро интермодал логистика маркази орқали тижорий қатновларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишди.

«Бизнинг авиакомпания бутун дунё бўйлаб юк ташувларини бажаради ва бу борада Марказий Осиё минтақаси бизни ўзига жалб этади. Биз Ўзбекистон бозорида ўз имкониятларимизни кенгайтириш, шунингдек, «Навоий» халқаро аэропорти негизида ташкил этилган Халқаро интермодал логистика маркази орқали юк ташувларини амалга оширишдан мафаатдормиз, боиси мазкур марказ Европа ва Осиё ўртасидаги юк ташувларини бажариш учун жуда қулай ҳудудда жойлашган», - дейди «Cargolux» минтақавий директори.

Йиғилиш давомида ер усти хизмати, хизматлар тарификацияси, чегирмалар бериш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, «Cargolux Airlines International S.A.» Люксембургда жойлашган юк ташувчи авиакомпания бўлиб, у Европанинг дунё бўйлаб мунтазам юк ташувларини амалга оширадиган энг йирик транспорт авиакомпанияларидан биридир.

Мавзуга оид